Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ–август ойларида аҳоли жон бошига кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 16,7 миллион сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,5 фоиз кўпдир.
Хизматлар соҳаси ўсиш суръати мамлакат иқтисодиётидаги фаол савдо, транспорт ва туризм хизматларининг кенгайиши билан боғлиқ. Шунингдек, электрон тўлов тизимларининг оммалашиши ва хизматлар бозори рақобатининг кучайиши ҳам ижобий таъсир кўрсатган.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри етакчиликни сақлаб қолган — бу ерда аҳоли жон бошига кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 76,6 миллион сўмга етган. Бу кўрсаткич республика ўртача даражасидан қарийб беш баробар юқори.
Навоий вилояти 14,1 миллион сўм билан иккинчи ўринни, Тошкент вилояти эса 13,6 миллион сўм билан учинчи ўринни эгаллади. Бухоро вилоятида бу кўрсаткич 12,4 миллион сўмни ташкил этди.
Энг паст натижалар Сурхондарё (7,1 млн сўм) ва Қашқадарё (8,8 млн сўм) вилоятларида қайд этилган. Бу ҳудудларда хизматлар соқаси ҳали ҳам чекланган бўлиб, иқтисодий фаоллик асосан қишлоқ хўжалиги ва хомашё ишлаб чиқаришга боғлиқ ҳолда қолмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мамлакатда хизматлар бозорини кенгайтириш ва ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш йўналишида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги давом этмоқда.