«Дунё» ахборот агентлигининг маълум қилишича, Centrum Air хусусий авиакомпанияси 30 октябрдан бошлаб Улан-Удэ – Тошкент йўналиши бўйича доимий парвозларни бошлайди. Рейслар Airbus A320 самолёти орқали ҳафтада бир марта, пайшанба кунлари амалга оширилади.
Бурятия пойтахтидаги «Байкал» аэропорти маъмуриятининг маълум қилишича, Тошкент Марказий Осиёда тез суръатларда ривожланаётган авиация марказларидан бири бўлиб, у Бангкок, Сеул, Гуанчжоу, Тбилиси ва Дубай каби йирик шаҳарларга қулай уланиш имкониятини тақдим этади.
Янги ҳаво қатнови Бурятия Республикасидан халқаро рейслар географиясини кенгайтириши ва маҳаллий аҳоли учун саёҳат имкониятларини ошириши кутилмоқда. Шу билан бирга, рейслар Ўзбекистон ва Бурятия ўртасидаги ўзаро туризм оқимини сезиларли даражада кўпайтириши мумкин.
Ушбу йўналишни очиш масаласи илк бор жорий йил 22 май куни Улан-Удэ шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинган эди. Унда Бурятия бош вазири ўринбосари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Амгалан Дармаев ҳамда Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули иштирок этган.
Мутасаддиларнинг фикрича, янги рейс икки ҳудуд ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ва транспорт логистикасини яхшилашга хизмат қилади.