Янги лойиҳалар энергетика, ахборот технологиялари, сайёҳлик ва инфратузилма соҳаларини қамраб олади ҳамда икки мамлакат ўртасидаги умумий инвестиция портфелини 30 миллиард долларгача етказади.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони 4 миллиард долларлик 10 та ҳужжатни имзолаб, қўшма ташаббусларнинг умумий ҳажмини 30 миллиард долларга етказди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ билан учрашувда энергетика, қайта тикланувчи энергия манбалари, туризм, транспорт, IT, инфратузилмавий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларга 4 миллиард доллар йўналтирилишини айтган эди.
ИТСВ раҳбари Лазиз Қудратов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида умумий портфел 30 миллиард долларга етганини маълум қилди. У бу маблағлар давлат кафолати бериладиган суверен молиялаштириш эмас, балки тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эканини таъкидлади.
18 ноябр куни Самарқандда InterHealth лойиҳаси бўйича якуний келишув имзоланиши кутилмоқда. Лойиҳа даволашни ташкил этишнинг янги тизимини жорий этишга қаратилган бўлиб, бу беморларнинг шифохонада қолиш муддатини 15 кундан 7 кунгача қисқартириши мўлжалланган. Шунингдек, Фарғона ва Қўқон шаҳридаги онкология марказларида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий бошқарув тизимини жорий этиш режалаштирилган.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов шамол ва қуёш энергетикаси соҳасида янги лойиҳалар устида иш бошлангани ҳақида хабар берди. Шунингдек, Паркент туманида мамлакатдаги энг йирик аккумуляторли энергия сақлаш тизимини ишга тушириш режалаштирилган. У ASWA Power компанияси мутахассислар тайёрлаш учун Ширин энергетика коллежини ўз бошқарувига олганини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, Vision Invest (Саудия Арабистони) ва Air Products (АҚШ) компаниялари билан ҳамкорликда барқарор авиация ёқилғиси (САФ) ишлаб чиқариш лойиҳасини бошлаш бўйича келишувга эришилган. Ёқилғи янги Тошкент халқаро аэропорти эҳтиёжлари учун етказиб берилади.
Саудия Арабистонининг Pemco компанияси билан Самарқанд вилоятида қуввати 200 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш бўйича келишув имзоланди. Лойиҳани амалга ошириш йил охиригача бошланади. Saudi Tabreed компанияси билан 36,6 миллион долларлик электр ва иссиқлик энергиясини сотиб олиш бўйича шартнома тузилди.
«Ўзэлтехсаноат» бошқаруви раиси Мирзиёд Юнусовнинг таъкидлашича, Riyadh Cables компанияси билан ҳамкорликда 500 кВ ўта юқори кучланишли кабеллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режалаштирилган.
«Riyadh Cables Ўзбекистонда компанияга зарур бўлган муфталар — яъни бирлаштирувчи элементлар ва бошқа аксессуарлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни таклиф қилди. Бу, аввало, импортни оптималлаштириш ва Ўзбекистонда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконини беради», — деди у.
Al-Muhaidib Group компанияси раиси Сулаймон Ал Махайдим эса, ўз навбатида, маҳаллий корхона иштирокида мис ишлаб чиқаришдан тортиб, кабелларнинг изоляцияси ва паст ҳамда юқори кучланишли турларини ишлаб чиқаришгача бўлган қатор лойиҳаларга инвестиция киритиш ниятида эканини билдирди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо ҳажми 142,4 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг январь-август ойларида бу кўрсаткич 111,5 миллион долларга етди.
Ҳозирда Ўзбекистонда Саудия капитали иштирокидаги 27 та корхона фаолият юритмоқда, умумий қиймати 27,2 миллиард долларга тенг 56 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, шундан 2025 йилда 900 миллион доллар ўзлаштирилган.