Эрон Олий раҳбари Трампни масхара қилди

19:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Унинг сўзларига кўра, Трамп чиндан ҳам кучли бўлса, АҚШнинг барча штатларида унга қарши норозилик билдираётган миллионлаб америкаликларни тинчлантирсин.

Homanaiy

Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ президенти Доналд Трампни «қуруқ гаплар» тарқатишда айблади. У эронлик спортчилар олдидаги нутқида, Америка раҳбарининг Исроилдаги чиқишини шарҳлаётиб, шу ҳақда фикр билдирди.

«АҚШ президенти босиб олинган Фаластинда қуруқ сўзлар ва бемаъни ҳаракатлар билан умидсизланган сионистларга умид уйғотишга, уларнинг руҳини кўтаришга уринган. Бу одам аҳмоқона хатти-ҳаракатлар ва минтақа ҳамда Эрон ҳақида кўплаб ёлғонлар орқали сионистларнинг кўнглини кўтаришга ва ўзини кучли қилиб кўрсатишга ҳаракат қилди», – деди Хоманаий.

Оятуллоҳнинг сўзларига кўра, агар Трамп чиндан ҳам кучли бўлса, «АҚШнинг барча штатларида унга қарши норозилик билдираётган миллионлаб америкаликларни тинчлантирсин».

Шунингдек, Хоманаий Америка раҳбарининг Эроннинг ядро салоҳиятини йўқ қилгани ҳақидаги даъвосини рад этди: «АҚШ президенти ғурур билан Эроннинг ядро саноатини бомбардимон қилиб, йўқ қилганини айтмоқда. Майли, ҳаёл сураверинглар»,

9 октябрда Трамп, агар АҚШ Эрон ҳудудидаги объектларга зарба бермаганида, Теҳрон аллақачон ядро қуролига эга бўлиши мумкинлигини айтган эди.

13 июнга ўтар кечаси Исроил Эронга қарши ҳужум бошлади. Бир суткадан камроқ вақт ўтгач, Ислом Республикаси жавоб ҳужумини амалга оширди. АҚШ можаро авж олганидан тўққиз кун ўтиб, Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги ядро объектларига зарба бериб, можарога аралашди. 23 июн куни кечқурун Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик Ал-Удейд авиабазасига ҳужум қилди. Шундан сўнг Трамп Исроил ва Эрон сулҳ тузишга рози бўлганини эълон қилди. Ўт очишни тўхтатиш режими 24 июндан кучга кирди.