Эронда 710 минг йилдан кейин Тафтан вулқони қайта фаоллашди

09:38 | 4 дақиқада ўқилади.

Жанубий-шарқий Эронда жойлашган Тафтан вулқони 710 минг йиллик сукутдан кейин газлар чиқара бошлади. Олимлар уни «зомби-вулқон» деб аташмоқда ва эҳтиёткорлик чораларини кўришни тавсия этмоқда.

Volcano taftan

Эроннинг Сиистон ва Балужистон вилоятлари чегарасида жойлашган 3940 метрли Тафтан вулқони 710 минг йилдан кейин қайта фаоллик белгиларига эга бўлди. Daily Mail нашрининг хабар беришича, охирги 10 ой ичида вулқон текислиги 9 сантиметрга кўтарилган. Халқаро олимлар гуруҳи (Хитой, Германия ва Испаниядан) ушбу ҳолатни Geophysical Research Letters журналида эълон қилинган тадқиқот орқали тасдиқлади.

Мутахассислар Тафтанни «зомби-вулқон» деб аташмоқда — яъни узоқ вақт фаол эмасдек кўринган, лекин кейинчалик қайта жонланаётган вулқонлар турига киради. Улар сейсмик силкинишлар, газ чиқиши ёки ер юзасидаги деформация орқали ўз фаоллигини намоён этади.

Вулканолог Пабло Гонсалес таъкидлашича, Тафтанни «сўнган» эмас, балки «ухлаб ётган» вулқон сифатида баҳолаш керак. Унинг сўзларига кўра, ер остидаги босим ҳали ҳам ортиб бормоқда ва бу келгусида заиф ёки кучли энергия портлашига олиб келиши мумкин. Ҳозир вулқон суткасига тахминан 20 тонна олтингугурт қўшоксиди, шунингдек водородли олтингугурт, фторли водород ва сув буғини чиқармоқда.

Сунхий йўлдош кузатувлари натижасида олимлар ер юзаси кўтарилишини 2023 йил июлидан 2024 йил майигача бўлган даврда аниқлаган. Бу кўтарилиш ёмғир ёки зилзила натижаси эмас, балки ер остидаги гидротермал тизимдаги ўзгаришлар ёки магманинг чуқурликдан юзага силжиши билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Таъкидланишича, Тафтан вулқонида 490–630 метр чуқурликда ҳали ҳам юқори босим сақланиб турибди. Агар у камайганида, тоғ қиёфаси аввалги ҳолатига қайтган бўлар эди. Мутахассислар Эрон ҳукуматини вулқонни доимий мониторинг қилишга ва уни «ухлаб ётган» вулқон сифатида қайта таснифлашга чақирди.