Ўзбекистон жорий йилнинг январ-сентябр ойларида Хитойга қувур орқали тахминан 630 миллион долларлик табиий газ экспорт қилди. Бу ҳақда Хитой божхона бошқармаси маълумотларига таяниб ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, Россия ҳозирда Хитойнинг асосий газ етказиб берувчисига айланган. У 9 ойда 7,29 млрд долларлик табиий газ етказиб берган. Бу ўтган йилга нисбатан 18,9 фоизга кўпроқ.
Туркманистон узоқ йиллар давомида етакчи бўлиб келган бўлса-да, бу йил унинг етказиб бериш ҳажми 12,7 фоизга камайиб, 6,46 миллиард долларни ташкил этган.
Кейинги ўринларда Мянма (1,18 миллиард доллар), Қозоғистон (854,7 миллион доллардан ортиқ) ва Ўзбекистон (тахминан 629,8 миллион доллар).
Маълумот учун, 2024 йилда Хитойнинг умумий қувур гази импорти 21,1 миллиард долларни ташкил этган, бу 2023 йилга нисбатан 8,6 фоизга кўпдир.
Аввалроқ, иқтисодчи-блогер газ қазиб олиш қўрқинчли тарзда қисқариб бораётганига қарамай, Ўзбекистон иккинчи йилдирки газ экспортини тинимсиз ошириб бораётганини танқид қилган эди.
«Охирги 8 ойда қарийб 500 млн долларлик ёки минтақаладаги нархлар ҳисобга олинса қарийб 2,5 млрд куб ҳажмида газ экспорт қилинган. Бу мисол учун, Ўзбекистоннинг барча иссиқхоналарига камида 3 мавсумга етадиган газ дегани. Қазишнинг қисқараётгани, ўсиб бораётган иқтисодиёт ва қўшилган қиймат афзалликлари инобатга олинса, Ўзбекистон аллақачон газ экспортини тўхтатиши керак эди. Бу масала аввал бир неча марта кўтарилган», – дея ёзган у.