20 октябр куни Ҳонгконг халқаро аэропортида Emirates авиакомпаниясининг Boeing 747 туридаги юк самолёти учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб, денгизга қулади.
Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 3:50 да содир бўлди. Дубайдан келаётган EK9788 рейсидаги самолёт ўз вақтида тўхтай олмаган. Политсиянинг дастлабки маълумотларига кўра, лайнер йўлакдан чиқиб кетиб, яқин атрофдаги хизмат автомобили билан тўқнашган. Шунинг ортидан самолёт денгизга қулаб тушган.
Қуруқликдаги автомобилда бўлган 30 ва 41 ёшли икки эркак дастлаб бедарак деб ҳисобланиб қутқарув хизмати қидириш ишларини бошлаган. Тонг соат 5:55 да 30 ёшли эркакнинг жасади денгиздан топилган ва ўша ернинг ўзида вафоти тасдиқланган. 41 ёшдаги эркак эса касалхонага етказилган, аммо шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қололмаган.
Юк самолёти экипажининг тўрт аъзоси соғ-омон қолган. Фожиа натижасида Ҳонгконг халқаро аэропортидаги шимолий учиш-қўниш йўлаги вақтинча ёпилган, 12 та юк рейси бекор қилинган.
Ҳонгконг ҳукумати ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича текширув бошлаган. Транспорт ва логистика бюроси вакилининг таъкидлашича, парвозлар хавфсизлиги «биринчи даражали аҳамиятга эга», шунинг учун Авиатсия ҳалокатларини текшириш бошқармаси бу воқеани ҳар томонлама ўрганмоқда.
Аввалроқ Санкт-Петербург шаҳрининг Пулково халқаро аэропортида Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг самолёти фавқулодда қўнишни амалга ошириб, учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетгани ҳақида хабар берган эдик.