Олтин ва биткоин: дунё анъанавий пуллардан воз кечмоқдами?

14:15 | 13 дақиқада ўқилади.

Жаҳон марказий банклари ва инвесторлари тобора кўпроқ олтинга сармоя киритмоқда. Рақамли молиявий активларнинг оммабоплиги ошиб бормоқда. Одатий қоғоз банкнотларга бўлган ишонч эса пасаймоқда. Анъанавий пуллар биз билан қанча вақт қолади?

Bitcoin va oltin

Маржонлардан банкнотларгача

Инсоният ўз тарихи давомида турли хил пуллардан фойдаланиб келган. Улар маржонлар, чорва моллари, қимматбаҳо тошлар ва металлар, тангалар билан ҳисоб-китоб қилишган. Вақт ўтиши билан қоғоз банкнотларга ўтилди. Улар билан савдо-сотиқ қилиш ва маблағларни сақлаш осонлашди. Бунда уларнинг қиймати жисмоний олтин билан таъминланар эди. Масалан, Америка долларини белгиланган курс бўйича олтин қуймага алмаштириш мумкин эди. Кейинчалик АҚШ бу боғлиқликдан ҳам воз кечди. 1971 йилда Қўшма Штатлар олтин стандартидан воз кечди. Бир йил ўтгач, Буюк Британия ҳам фунт стерлингни «эркин сузувчи курс» тизимига ўтказди, яъни унинг қиймати давлат томонидан эмас, балки бозордаги талаб ва таклиф асосида белгилана бошлади. Бу — фунтнинг нархи энди олтин ёки долларга боғлиқ бўлмасдан, валюта бозорида эркин ўзгариб туради, дегани эди.

Ўшандан бери пулнинг қиймати қимматбаҳо металл захиралари билан белгиланмайди. Уларнинг мавқеи у ёки бу мамлакат ҳукумати ва иқтисодиётига бўлган ишончга боғлиқ бўлиб қолди. Давлат пул чиқаради, унинг муомаласини назорат қилади. Бундан ташқари, одамлар ҳар куни фойдаланадиган қонуний тўлов воситасини эълон қилади.

 

Fiat пуллар нега ҳукмрон?

Fiat пуллар (ёки фиат валюталар) — бу ҳозирги кунда дунёдаги деярли барча давлатлар фойдаланаётган қоғоз ёки рақамли пуллар бўлиб, уларнинг қиймати олтин ёки бошқа моддий қимматлик билан таъминланмаган, балки фақат давлат ишончи ва қонун билан белгиланган. Fiat пулларнинг жаҳон иқтисодиётида барқарор ҳукмронлик қилиши бежиз эмас. Уларнинг афзалликлари кўп. Биринчидан, бу тартибга солиш ва ҳуқуқий ҳимоя. Давлат молиявий қоидалар ва қонунларга риоя этилишини кафолатлайди. Бу эса бизнес учун тўловларни амалга оширишни осонлаштиради. Регуляторлар ҳамда ҳамкорларда тўловларга нисбатан ишончсизлик юзага келмайди.

Иккинчидан, fiat пуллар деярли ҳамма жойда қабул қилинади. Гап, аввало, доллар ва евро каби асосий валюталар ҳақида кетмоқда. Шу туфайли халқаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш, товарларни сотиб олиш осонроқ бўлади.

Учинчи афзаллиги — нархларнинг нисбий барқарорлиги. Fiat пуллар курс қийматининг кескин ўзгаришига камроқ мойил. Юқори ўзгарувчанликка эга активлар буни таъминлай олмайди. Натижада компаниялар бюджетни режалаштириш ва молиявий кўрсаткичларни башорат қилиш имкониятига эга бўладилар. Албатта, камчиликлар ҳам мавжуд.

«Инфляция хавфлари, сиёсий қарорларга қарамлик, санкциялар босими эҳтимоли ва етакчи иқтисодиётларнинг ўсиб бораётган давлат қарзи тизимли ноаниқликни юзага келтирмоқда», – дейди хусусий инвестор, « Школы Практического Инвестировани» асосчиси Фёдор Сидоров TRT’га.

 

Олтинга қайтиш

Амалиёт шуни кўрсатадики, ноаниқлик шароитида инвесторлар қимматбаҳо металларга кўпроқ эътибор қаратишади. Айниқса, олтин ва кумушга. Сўнгги йилларда бу ҳимоя активларига сармоя киритиш учун сабаблар кўпайиб бормоқда. Ҳар куни дунёнинг турли бурчакларида можаролар кучайиб, мамлакатлар ўртасида савдо урушлари авж олиб, санкциялар жорий этилмоқда.

Бундай вазиятда нодир металларга қизиқишнинг ортиб бораётгани табиий ҳол. Масалан, бутун дунё бўйлаб марказий банклар кетма-кет тўртинчи йил давомида олтинни фаол равишда харид қилмоқда. Goldman Sachs баҳолашига кўра, регуляторлар ҳар ойда тахминан 8,5 миллиард доллар қийматида олтин сотиб олмоқда.

Ўсиб бораётган талаб ўз навбатида олтин нархларини оширяпти. Фючерслар тарихий юқори кўрсаткичларни тез суръатда янгиламоқда. Жумладан, 16 октябр куни олтиннинг бир троя унцияси нархи 4255 долларгача кўтарилди. Кумуш ҳам бундан мустасно эмас. Унинг биржадаги нархи 53 долларга яқинлашди.

«Замонавий жаҳон молия тизими пул массасининг доимий равишда кенгайишини талаб қилади. Содда қилиб айтганда, пул босиб чиқаришни», – дейди WhiteBird биржа савдоси бўлими бошлиғи ўринбосари Ян Пинчук.

Масалан, ривожланган мамлакатларда сўнгги 25 йил давомида М2 пул массасининг ўртача ўсиш суръати йилига 6-8 фоизни ташкил этади. Ривожланаётган мамлакатларда эса бу кўрсаткич янада юқори. Бунинг устига, бир неча баробар юқори. Жуда кўп миқдордаги fiat пулларни муомалага чиқариш муқаррар равишда уларнинг қадрсизланишига олиб келади. Натижада тарозининг бир палласида босма дастгоҳ билан кўпайтириш мумкин бўлмаган қимматбаҳо металлар туради. Бошқа палласида эса – чексиз миқдорда чиқариш мумкин бўлган фиат валюталар жойлашган.

«Агар олтиннинг фиат нархини, масалан, долларда таққосласак, 2000 йилларда бир унция тахминан 300 доллар турган бўлса, ҳозир бу нарх 4000 доллардан ошиб кетди. Шу билан бирга, АҚШда М2 пул массаси 2000 йилдаги 4,5 триллион доллардан 22 триллион долларгача кўпайди», – дея сўзида давом этади Ян Пинчук.

 

Анъанавий пуллар ўрнига

Олтиндан ташқари, рақамли молиявий активларнинг обрўси ошиб бормоқда. Айниқса, биткоинники. Deutsche Bank таҳлилчиларининг баҳолашича, у янги «молиявий хавфсизликнинг пойдевори»га айланиши мумкин. Бундан ташқари, жаҳон марказий банклари 2030 йилгача биткоин ва олтинни асосий захира сифатида ишлатиши кутилмоқда.

Макроиқтисодиёт ва геосиёсатдаги ноаниқликлар давом этаётгани сабабли инвесторлар инфляциянинг тезлашишидан ҳимояланишга мажбур бўлмоқда. Улар одатий фиат пуллари тобора камроқ аҳамиятга эга бўладиган келажакка шундай тайёргарлик кўришмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, долларсизлаштириш ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Deutsche Bank маълумотларига кўра, сўнгги 25 йил ичида АҚШ валютасининг жаҳон захираларидаги улуши 60 фоиздан 41 фоизгача пасайган. Натижада олтин ва биткоин учун спот биржа фондларига рекорд даражадаги маблағлар кириб келди. 2025 йил июн ойида ушбу активларга соф капитал оқимининг умумий ҳажми мос равишда 5 миллиард доллар ва 4,7 миллиард долларни ташкил этди.

Олтиндан ташқари, рақамли активлар тобора оммалашиб бормоқда. Бироқ доллардан бутунлай воз кечиш ҳақида гапиришга ҳали эрта. Бошқа фиат валюталар каби. Криптовалюталарни тўплаш масаласида турли мамлакатлар ҳукуматларининг фикрлари турлича. Масалан, Швейцария, Австралия ва Япония ҳукуматлари уларга сармоя киритишга тайёр эмас. Люксембург эса, аксинча, биткоинга маблағ йўналтирди. Умуман олганда, ҳукуматлар билан боғлиқ машҳур криптоҳамёнларнинг балансларида 62,8 миллиард долларлик 515 минг биткоин мавжуд.

«Энг эҳтимолий сценарий — бу пулнинг турли шакллари ёнма-ён мавжуд бўлиши», — деб ҳисоблайди Фёдор Сидоров.

Мутахассиснинг таъкидлашича, 130 дан ортиқ мамлакатлар марказий банкларининг рақамли валюталари устида ишламоқда. Масалан, Россияда рақамли рублни келаси йилнинг сентябр ойида жорий этиш режалаштирилган.

«Аммо яқин келажакда фиат валюталарни бутунлай сиқиб чиқарадиган нарса бўлмаса керак», — дея қўшимча қилади таҳлилчи.

Эҳтимол, улар олтиннинг халқаро захиралардаги суғурта активи сифатидаги роли аста-секин кучайиши фонида рақамли шаклга айланади. Жаҳон молия тизими кўп қутбли бўлиб бормоқда.

Мутахассислар бу ўзгарувчан вазиятга бир лаҳзалик муносабат эмас, балки узоқ муддатли тенденция эканига ишонмоқда.