2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйлаб 460,3 мингта корхона ва ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, уларнинг 84,8 фоизи — яъни 390,3 мингтаси кичик корхоналар ва микрофирмалардир.
Таҳлилларга кўра, иқтисодий фаолият турлари бўйича энг катта улуш савдо соҳасига тўғри келади. Республика бўйича 149 470 та ёки 32,5 фоиз корхона айнан савдо йўналишида иш олиб бормоқда. Бу ҳар учта фаол субъектдан бири айнан ушбу соҳада фаолият юритаётганини кўрсатади.
Иккинчи ўринда саноат соҳаси жойлашган бўлиб, унда 57 799 та корхона (12,6 фоиз) фаолият юритмоқда. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги соҳасида 33 223 та (7,2 фоиз) корхона бор.
Шунингдек, яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида 29 325 та (6,4 фоиз), қурилиш соҳасида 29 185 та (6,3 фоиз) ва ташиш ҳамда сақлаш соҳасида 16 816 та (3,6 фоиз) корхона ишлаб турибди. Ахборот ва алоқа йўналишида 11 241 та (2,4 фоиз), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида эса 13 161 та (2,9 фоиз) корхона фаолият кўрсатмоқда.
Қолган 120 мингдан ортиқ ташкилот бошқа иқтисодий йўналишларда иш олиб бормоқда. Мутахассислар таъкидлашича, савдо соҳаси мамлакатдаги кичик бизнеснинг энг жадал ривожланаётган йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.