Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танлови якунида кузатилган ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Танловда Термиз шаҳридаги 3 мактаб биринчи, 9 мактаб иккинчи ва 16 мактаб жамоаси учинчи ўринни эгаллаган. Аммо унинг якунида фақат 1-ўрин эгаларига мукофот пуллари топширилган, қолган мактаблар эса ҳозиргача пулларини ололмаяпти.
Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов Facebook саҳифасида маълум қилди.
«Расмга эътибор берилса, ҳаммаси жойида, аммо мукофот муборак бўлмаяпти-да. Боиси биринчи ўриннинг пули берилибди, аммо бошқаларига пул йўқ эмиш. Жажжи болакайлар эса вазирликнинг бундай сиёсатини тушунмай ота-оналарига тихирлик қилишаётганмиш. Нима дейсиз энди, бола бола-да!», – деб ёзди ҳуқуқ фаоли «Мукофот муборак бўлмаяпти» номли постида. Хабарга илова қилинган суратда чиндан, ўқувчиларга пул мукофоти кўрсатилган ваучерлар топширилганини кўриш мумкин.
Vaqt.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ҳолатдан хабардор бир неча шахслар билан боғланишга муваффақ бўлди. Уларга кўра, танлов ғолибларига ютуқ пуллари берилмаётгани Термиз шаҳар иқтисодиёт ва молия бўлими ходимлари ҳаракати билан боғлиқ муаммо ҳисобланади. Жумладан, таҳририят манбаларига бўлимнинг бир неча ходими танлов учун ажратилган маблағларни бошқа мақсадларда йўналтириб юборган. Ҳозирда вилоят ва туман молия бўлими маблағни жойига қайтариш ва уни ғолиб бўлган мактабларга етказиш устида иш олиб бормоқда.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги қарорига кўра, танловнинг туман (шаҳар) босқичида 1-ўринни эгаллаган мактаблар учун — 100 миллион, 2-ўрин учун — 75 миллион, 3- ўрин учун эса 50 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари ажратилиши керак.
Сурхондарё вилоят ҳокимлиги Ахброт хизмати ҳам мазкур вазиятга ойдинлик киритилишини таъкидлаган.