Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг марказий ҳудудларидан бири Дархонда чиябўри пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. «Animal life in Uzbekistan» Telegram-канали фойдаланувчилар шаҳар кўчаларида бир неча кундан бери мазкур ёввойи ҳайвонга тез-тез дуч келаётганини ёзган.
Қайд этилишича, шоқол одамларга нисбатан тажовузкор эмас, ўзини хотиржам тутмоқда ва чамаси овқат излаяпти, баъзан мушукларни овлаётгани кузатилмоқда.
«Animal life in Uzbekistan» канали шоқолнинг пайдо бўлиши дайди итларнинг оммавий йўқ қилиниши билан боғлиқ эканини тахмин қилган.
«Айнан итлар асрлар давомида ёввойи табиат ва инсон яшаш жойлари ўртасида табиий тўсиқ вазифасини бажарган.
Итлар шаҳар экосистемасининг бир қисмидир. Улар чегараларни сақлайди, йиртқичларнинг одамларга яқинлашишига йўл қўймайди. Аммо бу тўсиқ йўқ қилинса, унинг ўрни узоқ вақт бўш турмайди.
Бўшлиқни бўрилар, шоқоллар, тулкилар эгаллайди. Мана энди ёввойи ҳайвон пойтахт марказида пайдо бўлди», – дея ёзмоқда фаоллар.
Шаҳар ҳокимияти ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳозирча ҳолат юзасидан расмий изоҳ бергани йўқ.