Тошкентга кираверишда юк машиналари учун махсус тўхташ жойлари қурилади

13:45 | 4 дақиқада ўқилади.

Тошкентнинг бешта асосий кириш нуқтаси яқинида юк машиналари учун тўхташ жойлари, автовокзаллар ва ҳайдовчилар дам олиш кемпинглари барпо этилади. Лойиҳа пойтахтдаги тирбандликни камайтириш ва ҳаракатни тизимлаштиришга қаратилган.

Prezident1

Ўзбекистон президентига Тошкент шаҳри ҳамда унга туташ ҳудудларга кирувчи юк машиналари учун замонавий тўхташ жойлари ва инфратузилма яратиш лойиҳаси тақдим этилди. Бу ҳақда «Oʻzbekiston24» телеканалининг «Menimcha» телелойиҳасида маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, янги иншоотлар йўл-патрул хизмати постлари — «Эркин», «Шарқ», «Бектемир», «Уч қаҳрамон» ва «Турбанов» яқинида жойлашади. Бу ерда ҳайдовчилар учун кемпинглар ва дам олиш зоналари ҳам ташкил этилади.

Тақдимотда маълум қилинишича, айрим объектлар учун 7,7 гектар, 4,25 гектар ва 8 гектар ер майдонлари ажратилади. Энг тиғиз пост сифатида Сергели туманидаги «Эркин» пости қайд этилган — у орқали кунига 40–50 мингта автомобиль кириб чиқади.

Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовнинг таъкидлашича, пойтахтда юк машиналарининг ҳаракати тиғиз соатларда чекланади. «Масалан, Самарқанддан чиққан юк машинаси соат 8:00 да Тошкентга етиб келса, у махсус тўхташ жойида уч соат кутиб, кейин шаҳарга кириши мумкин бўлади. Бу орқали эрталаб ва кечқурун ҳаракатни чеклаб, тирбандликларни бартараф этамиз», — деди вазир.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг маълумотича, лойиҳа бўйича ишлар 2025 йилда бошланиб, қурилиш 2026 йил бошида старт олади. Президент томонидан зарур маблағлар ажратиш ҳақида топшириқ берилган.

Ҳокимнинг айтишича, кунига 400 мингдан зиёд автомобил пойтахтга кириб чиқади, бир миллиондан зиёд киши эса шаҳарга қатнайди. Жамоат транспорти тизимининг етарли ривожланмагани сабаб йўлларда тирбандликлар кўпаймоқда.

Шунингдек, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Баxтиёр Ҳайдаров кириш ва чиқиш постлари кўчирилиши ҳаракатни енгиллаштиришга хизмат қилиши ҳақида маълум қилган.

Маълумот учун, 2024 йил 1 мартдан Тошкентда 10 тоннадан ортиқ юк машиналарининг тиғиз вақтларда ҳаракатланиши тақиқланган, бироқ амалда бу талаб ҳали ҳам тўлиқ бажарилмаяпти.