Тошкентда ҳар бир туманда махсус кўчатхоналар ташкил этилади

11:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Шаҳар бўйича 574 мингдан зиёд бута кўчати етиштириш режалаштирилган. Кўчатхоналарда парвариш, қўриқлаш ва касалликларга қарши чоралар амалга оширилади.

Daraxtlar

Тошкент шаҳар ҳокими 2025 йил 17 июлда ҳар бир туманда гуллайдиган бута кўчатларини қаламча ва уруғлардан кўпайтириш учун махсус кўчатхоналар ташкил этиш ҳақида фармойиш имзолади. Ҳужжатга кўра, ҳар бир туманда камида 100 метр квадрат майдон ажратилиб, тўлиқ агротехник жиҳозлар билан таъминланган кўчатхоналар ташкил этилади.

Ушбу кўчатхоналарда бўта кўчатлари қаламча ва уруғлардан етиштирилади. Улар стеллажлар, минерал ва органик ўғитлар, махсус агротехника воситалари билан жиҳозланади. Шунингдек, кўчатларнинг ўсиши ва соғлом сақланиши учун мунтазам парвариш, қўриқлаш ҳамда зараркунандалар ва касалликларга қарши кураш тадбирлари амалга оширилади.

Сергели туманида жойлашган «Манзарали боғдорчилик ва гулчилик» МЧЖ ҳудудида ҳам ушбу йўналишда кенг кўламли ишларни ташкил этиш режалаштирилган.

Фармойишга илова қилинган тақсимот дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳри бўйича жами 574 450 дона бута кўчати етиштирилади. Уларни етиштириш жараёнида буталарнинг қаламчалари ўз вақтида тозаланади, ўғитлар билан таъминланади ва касалликларни олдини олиш ишлари амалга оширилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасдиқлаган режа доирасида шаҳар ободончилиги ва экологик ҳолатини яхшилаш мақсадида кўчат етиштириш ва парвариши доимий ва тизимли равишда йўлга қўйилади.