Ортиқхўжаевга топшириқ, қиммат маҳсулотлар ва кам даромадли ўзбекистонликлар — 22 июл дайжести

22:00 | 7 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 22

Ўзбекистонда қайси маҳсулотларнинг нархи қимматлашгани айтилди

2025 йил июн ҳолатига кўра, мамлакатда 105 та товар ва хизматлар нархи 10 фоиздан ортиқка ошгани маълум қилинди. Марказий банк тарқатган инфографикада йиллик инфляция даражаси 8,7 фоиз экани қайд этилган. Унга кўра, нархи кескин ошган маҳсулотлар улуши 21 фоизни ташкил қилган.

Энг кўп қимматлаган озиқ-овқатлар — пахта ёғи (43,5%), картошка, карам, қўй ва мол гўшти, кунгабоқар ёғи бўлган. Ноозиқ-овқатлар орасида эса метан нархи 36,2 фоизга ошиб, энг юқори ўсишни қайд этган. Сўровда қатнашган аҳолининг 50 фоизи коммунал тўловлар, 45 фоизи эса ёқилғи ва энергия нархлари яна ошиб кетишини кутмоқда.

 

Ўзбекистон иқтисодиёти 7,2 фоизга ўсди, лекин аҳоли даромадлари ўсиши секинлашди

2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиёти 7,2 фоизга ўсди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан юқори бўлса-да, аҳолининг реал даромадлари 11,9 фоиздан 9,5 фоизгача секинлашган. Саноатда ўсиш 7,8 фоиздан 6,6 фоизга тушди, қурилиш соҳасида эса ўсиш 10,7 фоизга етган.

Чакана савдо, хизматлар ва қишлоқ хўжалигида ўсиш кузатилган бўлса-да, юк ташиш ҳажми сезиларли камайган. Ташқи савдо айланмаси 16,1 фоизга, экспорт эса 29,2 фоизгача ортган. Бунга асосан олтин ва хизматлар экспорти ҳисса қўшган. Импорт эса 7 фоизга ўсган.

 

Ўзбекистонда газ ва бензин ишлаб чиқариш ҳажми пасайди

2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда бензин ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажми кескин камайди. Бензин ишлаб чиқариш 14,8 фоизга пасайиб, 575,6 минг тоннага тушди. Табиий газ қазиб олиш 21,78 млрд куб метрни ташкил қилди — бу ўтган йилга нисбатан анча кам. Нефт қазиб олиш ҳажми ҳам 364 минг тоннаддан 323,8 минг тоннага тушган.

Шу билан бирга, электр энергияси ишлаб чиқариш 6,6 фоизга ошиб, 43,5 млрд кВт/соатга етди. Енгил автомобиль ишлаб чиқаришда ҳам ўсиш кузатилди — 185,6 мингта авто ишлаб чиқарилган бўлиб, Cobalt, Damas ва Tracker моделлари етакчилик қилмоқда.

 

Олтин нархи 6 ойда 26 фоизга ошиб, рекорд янгилади

2025 йилнинг биринчи ярмида олтин нархи АҚШ доллари ҳисобида 26 фоизга ўсди ва рекорд даражаларни янгилади. Жаҳон Олтин Кенгаши маълумотига кўра, бунга долларнинг заифлашуви, паст фоиз ставкалари ва геоиқтисодий ноаниқликлар асосий сабаб бўлган. Хозирги вазият сақланса, йил охиригача яна 5 фоизгача ўсиш эҳтимоли бор.

Экспертларга кўра, стагфляция ва геосиёсий кескинликлар кучайса, нарх 10–15 фоизгача ошиб кетиши мумкин. Аммо глобал барқарорлик юзага келса, олтин нархи аввалги ўсишининг бир қисмини йўқотиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Инвесторлар бу активни узоқ муддатли хавфсиз сармоя сифатида кўра бошлаган.

 

Ортиқхўжаев Президентга Зоминда қураётган заводи ҳақида маълумот берди

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззахнинг Зомин туманида қурилаётган маиший техника заводини кўздан кечирди. Давлат раҳбари бу лойиҳа орқали Ўзбекистонни минтақавий «электротехника хаби»га айлантириш вазифасини қўйди. Завод «Навоий» махсус саноат парки филиали сифатида 80 гектар майдонда барпо этилаяпти. У ерда йилига 1 миллион дона кир ювиш машиналари, телевизорлар, совуткичлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион доллар бўлиб, ишлаб чиқариш ҳажми 320 миллион долларга етади. Шундан 140 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади. 7 мингдан зиёд аҳоли доимий иш билан таъминланади. Завод тайёр маҳсулотларни Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа 15 давлатга экспорт қилади. Шунингдек, пластмасса маҳсулотлари ва қолипхона ташкил этилиб, бозор талабларига тез мослашиш имкони яратилади.