Шавкат Мирзиёев 22 июл куни Жиззах вилоятига амалга оширган иш сафари давомида Зомин туманида олиб борилаётган ислоҳотлар, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳалари билан танишди. Президент ташриф давомида 12 хил картошка навини тезкор усулда етиштириш, бобовий экинлар экиш ва ирригация инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари тақдимотида қатнашди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Жиззахда янги Агромарказ ташкил этилди. Бу марказ барча аграр хизматларни бир жойда жамлаган ҳолда фаолият юритади. Ҳозирда 12 тонна суперэлита картошка уруғлари бепул тарқатилиб, 120 тонна уруғ олиш режалаштирилган. Бу эса аҳолининг ўз томорқасидан даромад олишига туртки бўлади.
Айдар-Арнасой кўллари бўйида замонавий туристик кластер қурилади. Бу ҳудуднинг бетакрор табиий манзаралари ва экотуризм имкониятлари мавжуд салоҳиятни юксалтиришга хизмат қилади. Президент бу ташаббуслар орқали ҳудуддаги ишсизликни бартараф этиш мумкинлигини таъкидлади.
Шунингдек, Мирзиёев ўзбек-хитой технопарки қурилиши билан танишди. Бу ерда 9 та лойиҳа амалга оширилади. Биринчи босқичда 350 млн доллар сармоя йўналтирилиб, бетон маҳсулотлари заводи ишга туширилди. Яқин вақтда 42 млн долларлик Midea маиший техника заводи ҳам фаолият бошлайди.