Google’нинг маълум қилишича, 2025 йилнинг иккинчи чорагида Хитой, Россия ва бошқа давлатларга тегишли дея топилган қарийб 11 мингта YouTube канали ва бошқа аккаунтлар глобал тарғибот кампаниялари доирасида ўчириб ташланган.
Google 2025 йилнинг иккинчи чорагида дунё бўйлаб тарқатилаётган дезинформация кампанияларига қарши курашиш мақсадида YouTube’даги 10 954 та канал ва бир қатор бошқа аккаунтларни ўчирди. Уларнинг катта қисми — 7 700 дан ортиғи — Хитойга боғланган каналлар бўлиб, уларда Хитой Халқ Республикаси сиёсати, президент Си Жинпингни қўллаб-қувватловчи ва АҚШ ташқи ишларига муносабат билдирувчи контентлар тарқатилган. Бу каналлар асосан хитой ва инглиз тилларида фаолият юритган.
Шунингдек, ўчирилган каналлар орасида 2 000 дан ортиғи Россия билан боғланган. Уларда Россияни қўллаб-қувватловчи, Украина, НАТО ва Ғарбни танқид қилувчи видеолар жойлаштирилган.
Бундан ташқари, Google RT телеканали билан боғлиқ 20 та YouTube канали, 4 та реклама аккаунти ва 1 та блогни ҳам блоклаганини маълум қилди. RT АҚШда 2024 йилги президентлик сайловлари олдидан Доналд Трамп тарафдорлари бўлган машҳур блогерларга ҳақ тўлаб, ижтимоий тармоқларда тарғибот мазмунидаги контент тайёрлатгани учун танқидларга учраган эди.
Айрим тарғибот кампаниялари Яқин Шарқдаги мураккаб геосиёсий вазият, жумладан, Исроил–Фаластин уруши ҳақидаги турли қарашларни ёйишга қаратилган бўлган.