Навоийда ҳавони ифлослаш эҳтимоли юқори бўлган заводлар аниқланди

10:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Навоий вилоятидаги саноат ҳудудидан чиқаётган ғалати ҳид ва рангли тутун аҳоли ва мутахассислар ўртасида катта ташвиш уйғотмоқда. Шаҳар фуқаролари нафас йўлларига таъсир қилувчи ушбу ҳолатда ким айбдор эканини билишни талаб қилмоқда.

Navoiyda zaharlanish

Uzdiplomat таҳририяти томонидан олиб борилган журналистик суриштирув натижасида ҳудудда фаолият юритаётган тўртта йирик саноат корхонаси экологик таҳдид манбаи бўлиши мумкинлиги аниқланган. Улар орасида 2024 йил Президент ташриф буюрган корхоналар ҳам бор. Президент Шавкат Мирзиёев ўшанда мазкур корхоналарни экологик талабларга мос ҳолга келтириш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлашни топширган эди.

Аҳоли томонидан биринчи гумондор сифатида кўрсатилган «Навоийазот» АЖ бу ҳолатда ўзларининг алоқаси йўқлигини маълум қилди ва исбот сифатида қўшимча кузатув камералари орқали тасвирларни тақдим этди. Аммо видеотаҳлиллар натижасида асосий манба сифатида собиқ электрокимё заводи ҳудудида жойлашган бошқа корхоналар кўрсатилмоқда.

Шу жумладан, «Uzbekistan Hydrogen Peroxide» МЧЖ, «Zarafshon Industrial Technology» МЧЖ, «Sogda Kimyo Zavod» МЧЖ ва «Qizilqumsement» АЖ каби корхоналар ҳавога аммиак, кислота, VOC, NO₂ ва PM10 моддаларини чиқариши мумкинлиги таъкидланмоқда. Уларнинг фаолияти техник жиҳатдан ҳаво ифлосланишининг турли шаклларини келтириб чиқариши мумкин.

Айни пайтда, аҳоли ва жамоатчилик ушбу масалага ҳукумат ва назорат органлари томонидан қатъий ва очиқ муносабат билдирилишини талаб қилмоқда. Заводларнинг экологик назорати, ишлаб чиқариш жараёнлари ва чиқиндиларни қайта ишлаш тизими доимий мониторингга олиниши лозим.