Исроил: Эрон ва Сурия билан уруш ҳали тугагани йўқ

10:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил Сурия ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг стратегик имкониятларини чеклаш, Сурияда ўз амалиётларини сақлаб қолиш ва Эронга қарши курашни давом эттирмоқда.

Eron, isroil

Бу ҳақда Исроил Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари, генерал-лейтенант Эял Замир маълум қилди.

Замир сўзларига кўра, у сўнгги икки йил ичида илк бор юқори даражадаги ҳарбий раҳбарлар билан биргаликда бир нечта фронт бўйича вазиятни тўлиқ баҳолаган. Разведка маълумотлари, оператив ҳолат ва стратегик таҳлиллар асосида Исроил армиясининг кенг қамровли қуролли тўқнашувларга тайёр ҳолда бўлиши зарурлиги таъкидланган.

Генерал-лейтенант Исроилнинг ҳаводаги устунлигини сақлаш ва разведка имкониятларини кучайтириш давом эттирилишини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Исроил «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг кучайишига йўл қўймаслик ва Суриядаги ҳаракат эркинлигини сақлашга интилади.

Замир Ғазодаги уруш Исроил армияси учун энг мураккаб можаролардан бири эканини таъкидлаб, мамлакат бу уруш учун оғир нарх тўлаётганини билдирди. Шу билан бирга, у Эрон масаласига алоҳида тўхталиб, Теҳрон ва унинг иттифоқчилари Исроил учун ҳали ҳам асосий таҳдид эканини, уруш эса якунланмаганини айтди.

Исроил армияси шунингдек, Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги назоратдаги ҳудудларда ҳам амалиётларни олиб бормоқда.

Маълумот учун, ҳарбий ҳаракатлар фонида оташкесимга қарамай, 21 июл куни Исроилнинг қирувчи самолётлари Сурия жанубидаги Сувайда ва Даръа вилояти чегарасида араб қабилаларининг позицияларини нишонга олган эди.