Солиқ қўмитаси ўз номидан юборилаётган фирибгарлик хатларидан огоҳлантирди

12:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Солиқ қўмитаси аҳолини сўнгги кунларда электрон почта орқали келаётган «солиқ қарзи ҳақидаги» сохта хатлардан огоҳлантирди. Баёнотда таъкидланишича, мазкур мактублар солиқ хизматига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган фирибгарлар томонидан юборилмоқда.

Dsq

Маълумотларга кўра, қўмита фуқароларга тегишли барча электрон ҳужжатларни фақат my.soliq.uz ва my3.soliq.uz порталларидаги шахсий кабинет орқали тақдим этади. Солиқ қарздорлиги ва ҳисобланган солиқлар ҳақидаги маълумотлар айнан шу платформаларда ва Солиқ мобил иловасида реал вақтда тақдим этилади.

Фуқаролар ўзлари бириктирилган солиқ инспектори билан шахсий кабинет орқали боғланишлари мумкин. Шунингдек, Солиқ қўмитаси тасдиқланмаган маълумотлар, шубҳали ҳаволалар, номаълум файллар ва иловаларни очмасликка чақирмоқда.

Огоҳлантиришга кўра, фирибгарлар юборган сохта хатларда юклама файллар ва ҳаволалар орқали шахсий маълумотларни қўлга киритиш мақсад қилинган бўлиши мумкин. Шу сабабли, бундай мактубларга жавоб беришдан ёки улардаги ҳаволаларни босишдан қатъиян тийилиш лозим.

Мутасаддилар фуқароларни фақат расмий манбаларга ишонишга ва фирибгарлик ҳолатлари юзасидан дарҳол тегишли идораларга мурожаат қилишга чақирмоқда.