Ҳиндистон Миллий тиббиёт комиссияси ҳинд талабаларини Чирчиқда ўқимасликка чақирди

12:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Ҳиндистон Миллий тиббиёт комиссияси тўртта хорижий тиббиёт муассасасида — жумладан, Тошкент давлат тиббиёт университетининг Чирчиқдаги филиалида — бакалавр даражасида ўқишни қатъиян тақиқлади.

Hindistonlik talabalar

Бу таълим муассасалари Ҳиндистон талабларига жавоб бермаслиги туфайли, у ерда таълим олган талабалар мамлакатда тиббиётчи сифатида рўйхатдан ўта олмайди.

2025 йил 22 июл куни Ҳиндистон Миллий тиббиёт комиссияси (NMC) навбатдаги расмий огоҳлантириш баёнотини эълон қилди. Унда талабаларга:

— Марказий Америка соғлиқни сақлаш ва фанлар университети, Белиз;
— Колумбия Марказий университети, Белиз;
— Вашингтон соғлиқни сақлаш ва фанлар университети, Белиз;
— Тошкент давлат тиббиёт университети Чирчиқ филиали, Ўзбекистон бакалавр йўналишида ўқишга кириш қатъиян тавсия этилмайди.

Комиссия баёнотида қайд этилишича, мазкур муассасалардаги таълим Ҳиндистоннинг тиббий талабларига жавоб бермайди, ва уларда таълим олган талабалар тиббиётчи сифатида расман рўйхатдан ўтиши мумкин эмас. Айниқса, курс давомийлиги, ўқув тили, клиник амалиёт ва интернатурада талабларга риоя қилинмаслиги талабаларнинг келгусида лицензия олишига тўсиқ бўлади.

Баёнотда Ташқи ишлар вазирлигининг Евроосиё бўлими ва Мексикадаги Ҳиндистон элчихонаси томонидан берилган жиддий эътирозлар ҳам тилга олинган. Унда айни ўқув муассасаларида инфратузилма етишмаслиги, паст савиядаги таълим ва амалиёт, талабаларга нисбатан тазйиқ ва ноҳақ контракт тўловлари қайд этилган.

Талабаларга таълимни бошлашдан олдин NMC расмий сайтида 2025 йил 19 май куни эълон қилинган огоҳлантириш билан танишиш тавсия қилинди. Шундагина улар танлаган университетнинг FMGL — Ташқи тиббиёт таълими лицензияси регламенти талабларига мос ёки эмаслигини баҳолаш имконига эга бўлади.

Маълумот учун, NMC ушбу мавзуда 2023 йил 8 август ва 2024 йил 22 ноябр кунлари ҳам огоҳлантириш эълон қилган. Бироқ, кузатишларга кўра, ҳали ҳам кўплаб ҳинд талабалари талабларга жавоб бермайдиган хорижий тиббиёт университетларига қабул қилинишида давом этмоқда.