Уста деҳқонларга инновация учун йирик субсидиялар берилади

14:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда деҳқончиликда инновация жорий қилган уста деҳқонлар эндиликда давлат томонидан молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланади, деб белгиланмоқда Вазирлар Маҳкамасининг 317-сонли қарорида.

Dehqon

Ҳукумат қарорига мувофиқ, ҳар йили 500 та маҳаллада амалга оширилган намунавий ва инновацион лойиҳаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 100 бараваригача грантлар ажратилади. Уста деҳқонлар ташкил этган қисқа муддатли курслар харажатлари учун эса БҲМнинг 15 бараваригача субсидия берилади.

Шу билан бирга, агар уста деҳқон ўз маҳалласининг камида 50 фоиз хонадонларини экспортбоп маҳсулот етиштиришга жалб қилса, унга 100 миллион сўмгача субсидия тўлаб берилади. Бу маблағлар «Онлайн маҳалла» платформаси орқали тўғридан-тўғри банк карталарига ўтказиб берилади.

Уста деҳқонларни танлаб олиш жараёни маҳалла еттилиги ва ҳудудий меҳнат органларининг тавсиялари асосида амалга оширилади. Вазирлик бу тавсияларни 10 иш кунида кўриб чиқади ва муносиб номзодларни белгилайди.

Қарорнинг асосий мақсади — деҳқончиликда самарадорликни ошириш, инновацион ёндашувларни рағбатлантириш ва маҳаллий экспорт салоҳиятини кенгайтиришдир.