Россияда Википедияни блоклаш таклифи яна кўтарилди

15.05.2025 19:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Википедия Россияда яна муҳокама марказида — депутатлар энциклопедияни тарихни бузиб кўрсатишда айблаб, уни тўлиқ блоклашни таклиф қилмоқда. Улар бу ресурсни «Ғарбнинг ахборот қуроли» деб аташмоқда.

Wikirus

15 май куни Россия давлат думасидаги болалар медиахавфсизлиги бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида депутатлар Википедия интернет-энциклопедия Россияда тўлиқ блоклаш масаласини кўтаришди. Қўмита раиси Нина Останина энциклопедиядаги тарихий воқеалар «аксилроссия руҳида талқин қилиниши»ни танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, Википедия «америкапараст ва Украина тарафдори» кучлар томонидан бошқарилади.

Мавжуд энциклопедияни Рунетдаги энг катта ахборот манбаси деб атаган Останина, бундай ҳолатга «тоқат қилиб бўлмаслиги»ни қайд этди. Унга кўра, энциклопедия Россиянинг маънавий ва анъанавий қадриятларига зид маълумотлар тарқатмоқда.

Ахборот сиёсати қўмитаси раисининг ўринбосари Олег Матвейчев эса Википедияни қидирув тизимларида «155-бетга тушириб юбориш» ва унинг ўрнига миллий аналог — Рувикини биринчи ўринга чиқаришни таклиф қилди. У буни «бир буйруқ билан» амалга ошириш мумкинлигини таъкидлади.

Роскомнадзор раҳбари ўринбосари Александр Ижко энциклопедияга нисбатан 10 млн рублдан ортиқ жарималар қўлланилганини эслатди. Шунингдек, у қонунчиликни ўзгартириш орқали блоклаш масаласини алоҳида муҳокама қилишни таклиф қилди.

2024 йилда Википедияни VPN хизматларини тарқатишда айблаб, уни тақиқлаш таклифи ҳам берилган эди. RT бош муҳаррири Маргарита Симонян эса энциклопедияни «Ғарбнинг ахборот қуроли» сифатида баҳолаган.