Янги GPT-5 август ойида тақдим этилади. Ушбу авлод OpenAI’нинг аввалги моделларига қараганда кўпроқ функция, яхшироқ таҳлил ва қисқартирилган тузилишни таклиф этади.
OpenAI август ойида GPT-5 деб номланган янги авлод нейротармоқ моделини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Verge нашри хабар берди. Янги платформа учта турда тақдим этилади: GPT-5 main, GPT-5 mini ва GPT-5 nano.
GPT-5 main — энг кучли версия бўлиб, ChatGPT’нинг асосий фойдаланувчилари ҳамда API орқали хизмат кўрсатувчилар учун мўлжалланган. GPT-5 mini эса оптималлаштирилган, камроқ ресурс талаб қилувчи вариант сифатида, ChatGPT ва API учун чиқарилади. Енгилроқ GPT-5 nano фақат API орқали тақдим этилади ва асосан кичик қурилмаларда фойдаланиш учун мўлжалланган.
Шу билан бирга, GPT-o серияси тўхтатилади. OpenAI бу қарорни янги GPT-5 моделларига асосий функциялар — хусусан, мураккаб хулоса чиқариш қобилиятини ўтказиш ва турли моделлар орасидаги чалкашликни бартараф этиш мақсадида қабул қилган.
Microsoft, ўз навбатида, янги нейротармоқ имкониятларини таъминлаш учун сервер инфратузилмасини кенгайтиришни бошлади. Бу, аналитиклар фикрича, GPT-5’ни кенг қамровли тадбиқ қилиш учун муҳим қадам бўлади.