Россия урушда янги ракетани ишга тушириб осмонда устунликка интиляпти

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия ўзининг Су-57 ҳарбий самолёти учун яратилган ва 190 кмгача учиш қобилиятига эга янги «ҳаво-ҳаво» ракета турини амалда қўллашни бошлади. У ҳозирча энг узоқ масофали рус авиация қуролларидан бири ҳисобланади.

K 77

Россия ҳарбий-ҳаво кучлари ўз тарихида илк бор янги авлод «ҳаво-ҳаво» ракета тури — «Изделие 180»ни амалиётда қўллашни бошлади. Бу ҳақдаги фотодалиллар интернетда тарқалди ва Россия ОАВлари томонидан тасдиқланди.

«Изделие 180», шунингдек К-77М номи билан ҳам танилган, илгари ишлаб чиқарилган Р-77 ракета турининг модернизация қилинган кўриниши бўлиб, янги икки босқичли двигател, қайта ишланган думи қисмлари ва замонавий радиолокация йўналтирувчи бош қисми билан жиҳозланган.

Ракета махсус равишда Су-57 типидаги бешинчи авлод рус ҳарбий самолёти учун яратилган. Унинг ҳаводаги нишонларга зарба бериш радиуси 190 километрга етказилган бўлиб, бу уни ғарбдаги энг илғор аналоглар билан рақобатлашиш имконини беради.

Аналитиклар таъкидлашича, аввалги Р-77 версияси 70–80 км радиусда самарали бўлган, лекин ундаги тўрсимон рули конструкцияда муаммолар келтириб чиқарган. Янги ракетада эса ушбу элементлар бутунлай йўқ қилинган ва аэродинамик жиҳатдан яхшиланган.

Бундан ташқари, ракетадаги навигация тизими сезиларли даражада такомиллаштирилгани айтилади — бу эса унинг аниқлиги ва самарадорлигини оширади.

Халқаро ҳарбий таҳлилчилар фикрича, Россия бу билан ўзининг ҳаво устунлигига оид рақобатини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, амалиётда қанчалик самарали бўлиши ҳали аниқ эмас.