Бу ҳақда Украина Қуролли Кучлари Бош қўмондони Олександр Сирский ўзининг Telegram канали орқали маълум қилди. Унинг айтишича, янги ҲҲҲ тизимлари аллақачон Украинага етказилиши арафасида. Аммо айнан қайси кунда бу қуроллар фронтга етиб бориши борасида аниқ маълумот берилмади.
Сирскийнинг таъкидлашича, бу янги босқич АҚШ ва НАТОнинг Украина ҳаво ҳимояси бўйича янги режасининг бир қисми ҳисобланади. У бу масалани НАТОнинг Европадаги қўшинлари Бош қўмондони, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Алексус Гринкевич билан муҳокама қилди. Ушбу учрашувда Украина ҚК Бош штаби бошлиғи Андрий Гнатов ҳамда НАТОнинг Украинадаги хавфсизлик ва тайёргарлик бўйича миссияси раҳбари генерал-лейтенант Кертис Баззард ҳам иштирок этди.
Бундан олдин Сирский The Washington Post нашрига берган интервюсида Украина Россиянинг ҳаводан уюштирган ҳужумларига қарши самарали кураш олиб бориш учун янги ҲҲҲ тизимлари, зенит ракеталари, тутувчи дронлар ва енгил авиацияга муҳтож эканини айтганди.
Унинг фикрича, Украинага қўшимча Patriot тизимлари, ўрта ва узоқ масофали ракета комплекслари — жумладан, ATACMS — керак. Шунингдек, Украина Германиядан Patriotдан ташқари «Taurus» қанотли ракеталарини ҳам талаб қилмоқда.
Айни пайтда АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан ҳам Украинага 17 та Patriot ЗРК етказиб берилиши бўйича баёнот берилган. Бу НАТО маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.