Европа Россия газига эмбаргони бир йил аввал жорий этишни таклиф қилмоқда

11:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Европарламентдаги етакчи фракциялар Россия газига тўлиқ эмбаргони жорий этиш муддатини бир йилга олдинга суриш ташаббуси билан чиқишди. Улар жорий 2028 йил ўрнига 2027 йил бошиданоқ газ импортини тўхтатишни таклиф қилмоқда.

Russian gas pipline

Reuters агентлигининг хабар беришича, бу ташаббус Европанинг йирик сиёсий кучларидан — «Европа халқ партияси» ва «Яшиллар партияси» депутатлари томонидан илгари сурилмоқда. Улар Еврокомиссиянинг июнда таклиф этган нисбатан юмшоқ позициясидан кўра кескинроқ чоралар кўриш тарафдори.

Ташаббус муаллифлари Россия газини сотиб олишни 2027 йилнинг январида тўхтатиш билан бирга, эмбаргони бузган компанияларга нисбатан жазо чораларини жорий этишни ҳам таклиф қилмоқда. Масалан, улардан энергетика савдоси лицензиясини олиб қўйиш мумкинлиги айтилмоқда.

Шу билан бирга, агентлик маълумотига кўра, айрим Европа давлатлари ҳукуматлари бундай шошилинч қарорга ҳали тайёр эмас. Аммо депутатлар ушбу ташаббус орқали музокаралар жараёнида босим воситаси сифатида фойдаланишлари мумкин.

Европарламент бу масала бўйича ўз расмий позициясини кузда овозга қўяди. Ундан сўнг қарор Европа Кенгаши билан келишилиши лозим. Бу жараёнда қарор алоҳида мамлакатлар, жумладан, Россия газидан фойдаланишни давом эттираётган Венгрия ёки Словакия томонидан тўсилиши мумкин эмас.

Евроиттифоқ Россиянинг 2022 йилдаги Украинага босқинидан сўнг Россия газига боғлиқликдан қутилиш ниятини билдирган эди. Ўша пайтда Россия Европа газ импортининг 45 фоизини таъминлар эди. Reutersʼга кўра, бу кўрсаткич 2024 йилга келиб 19 фоизга тушди. 2025 йил охиригача эса 13 фоизга тушириш режалаштирилмоқда.