Россия иқтисодиётида кескин таназзул: Кремл солиқ тушумларидан ҳам маҳрум бўлмоқда

12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия иқтисодиётида йирик молиявий инқирозга олиб келиши мумкин бўлган жиддий пасайиш кузатилмоқда. 2025 йил май ойида мамлакатдаги барча компанияларнинг жами фойдаси 40,2 фоизга камайди.

Russian business

Иқтисодчи Вячеслав Ширяев бу жараённи оддий пасайиш деб эмас, балки «ҳақиқий молиявий таназзул» сифатида баҳолади. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, май ойида бизнеснинг жами фойдаси 1,76 трлн рублни ташкил этган, бу эса 2024 йилнинг шу ойига нисбатан деярли 39 фоиз кам.

Бу даражадаги кескин пасайиш айниқса, даромад солиғига боғлиқ бўлган маҳаллий бюджетларга салбий таъсир кўрсатди. Россияда бу солиқ — ҳудудлар учун асосий даромад манбаи саналади. Энди эса кўпгина субъектлар дотацияга муҳтож ҳолатга тушиб қолмоқда.

Кремл бу муаммони солиқ ставкасини ошириш билан ҳал этишга уринмоқда: жорий йил бошидан фойда солиғи 20 фоиздан 25 фоизга кўтарилди. Аммо иқтисодчи Ширяевнинг таъкидлашича, агар солиқ базаси 40 фоизга қисқарса, ставкани 5 фоизга ошириш бефойда — «бу бўш чойнакни қайнатишга ўхшайди, оқибати эса ёнғин бўлади».

Кузатилаётган тенденция Россияни кенг қамровли молиявий инқироз остонасига олиб келиши мумкин. Ҳарбий харажатлар ўсиши ва санкцияларнинг кучайиши ортидан бизнес барқарорлигини йўқотмоқда, ҳудудлар эса молиявий назоратни қўлдан чиқармоқда.