Тошкентда электр таъминотидаги узилишлар учун 28 раҳбар жавобгарликка тортилди

12:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Июл ойида Тошкентда кузатилган кенг кўламли электр узилишлари Бош прокуратура томонидан ўрганилди. Текширув натижаларига кўра, тизимдаги жиддий камчиликлар ва етишмовчиликлар аниқланиб, 28 нафар раҳбар ва масъул шахс интизомий жазога тортилди. Ҳукумат фавқулодда чоралар кўришга мажбур бўлди.

Energiya

24–25 июлкунлари Тошкент шаҳарсидаги турли туманларда электр таъминоти билан боғлиқ бир қатор авариялар ва кучланиш тушиши кузатилди. Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан мутахассислар иштирокида ўрганилиб, тизимдаги жиддий муаммолар аниқланди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда пойтахтда 823 мингдан зиёд электр истеъмолчиси мавжуд бўлиб, бу соҳага юкламани кескин оширган. Охирги уч йилда истеъмол миқдори йиллик 9 фоизга ошган. Бироқ, мавжуд инфратузилма бу ўсишга тайёр эмаслиги маълум бўлди.

Аниқланишича, 1154-рақамли CALL-марказда фақат 5 нафар оператор фаолият юритган, бу эса истеъмолчилар мурожаатлари учун 60–70 та навбат юзага келишига сабаб бўлган. Кейинчалик, қўшимча 10 оператор ишга жалб этилди. Шунингдек, авариялар ва чекловлар ҳақида истеъмолчиларни вақтида огоҳлантириш тизими ҳам самарасиз экани маълум бўлди.

Текширув натижасида «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» МЧЖ бошлиғи ва 27 нафар туман раҳбарлари, муҳандислар ҳамда диспетчерлик хизматчилари интизомий жавобгарликка тортилди. Шу билан бирга, ҳар бир туманда авария-диспетчерлик хизматларига прокуратура ходимлари бириктирилди ва оммавий ахборот каналлари орқали тезкор огоҳлантириш тизими жорий қилинди.

Шунингдек, авария ҳолатларини бартараф этиш учун мавжуд ресурслар етарли эмаслиги маълум қилинди. 78 та авария бригадаси, 34 та махсус автотранспорт ва 11 та лаборатория машинаси ҳудуддаги юкламага жавоб бера олмаяпти. Ходимларнинг 30 фоизи иш ҳақи камлиги сабабли тизимдан кетган.

Аниқланишича, муаммоларни ҳал этиш учун 26 та қўшимча штатга, 10 та замонавий лаборатория машинасига эҳтиёж мавжуд. Ҳар бири тахминан 1 млрд сўмга тушадиган бу техникаларсиз шошилинч ҳолатларни тезкор аниқлаш имкони йўқ.