2024 йил декабрда Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган Тошкентнинг бош режаси 2045 йилгача бўлган қурилиш ишларини белгиловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Шунга қарамасдан, айрим ҳудудлардаги бино баландлигига оид ҳисоб-китоблар эскиргани туфайли таҳлиллар олиб борилаётгани маълум қилинди.
Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Халиловнинг билдиришича, бош режага ўзгартириш киритиш эҳтимоли мавжуд ва бу қарор мутахассис хулосалари асосида қабул қилинади. Мазкур мавзу тадбиркор Мурод Назаровнинг ҳам нутқида тилга олинди, у бош режада ўзгариш бўлишини «кутяпмиз» дея таъкидлади.
Бироқ вазир ўринбосари Даврон Одилов Kun.uz нашрига берган интервьюсида тадбиркорларнинг бу каби ташаббуслари расман кўриб чиқилмаслигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Назаров томонидан ҳали ҳеч қандай расмий таклиф ҳам берилмаган.
Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати бунга аниқлик киритиб, бош режа шахсий манфаатлар асосида ўзгартирилмаслигини билдирди. Ҳужжатнинг такомиллашуви – бу тизимли, илмий ва жамоатчилик асосида кечадиган жараён экани қайд этилди.