Тергов маълумотларига кўра, адвокат жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган фуқарони озод қилишини айтган ва бунинг эвазига 30 минг АҚШ доллари сўраган. У шундан 20 минг долларини олган пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди.
Мазкур тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини назорат қилиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамкорлигида амалга оширилган.
Адвокатнинг ўзи аввал гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят учун судлангани маълум бўлди. Бироқ у ўз қилмиши учун тўғри хулоса чиқармаган.
Айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилди. У қамоққа олинди ва ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.