Самарқанд 3000 йиллик шаҳар деб қайта баҳоланди

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Самарқанд шаҳрининг тарихи янги далиллар асосида қайта баҳоланди — археологик тадқиқотлар шаҳар илк бор милоддан аввалги I минг йиллик бошларида шаклланганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида расмий қарор қабул қилинди.

Samarqand

Самарқанд вилояти Кенгашининг 25 июл куни бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида шаҳарнинг тарихи ва илк урбанизациясига оид янгиланган тадқиқотлар тақдимоти ўтказилди. Унга кўра, Самарқанд шаҳрининг ёши 3000 йил деб баҳоланди. Бу қарор вилоят ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган жамоатчилик кенгаши тадқиқотлари асосида қабул қилинди.

Археологик тадқиқотлар Кўктепа, Афросиёб ва Амир Темур арки жойлашган ҳудудларда олиб борилди. Улар давомида милоддан аввалги VII–VI асрларга оид шаҳар меъморчилик элементлари, мудофаа деворлари ва маданий қатламлар аниқланди. Франция, Германия ва Япония лабораторияларига юборилган намуна таҳлиллари ҳали ҳам давом этмоқда.

Ўзбекистон–Франция қўшма экспедицияси ва Самарқанд археология институти мутахассислари илгари сурган фикрга кўра, Самарқанд шаҳри Кўктепа ҳудудида юзага келган. Айниқса, “Авесто” манбасида тилга олинган “Суғуд” маъмурий маркази айнан шу ер бўлган, деб баҳоланмоқда.

Қазишмалар давомида олинган илмий маълумотлар ва топилмалар тегишли илмий идоралар ва Маданий мерос агентлигига юборилди. Ўзбекистон Фанлар академияси ҳам тадқиқот хулосаларини маъқуллади.

Кенгаш сессиясида Самарқанднинг илк урбанизацияси милоддан аввалги II минг йиллик охири ва I минг йиллик бошларига тўғри келиши таъкидланди. Археологик материаллар ва ҳужжатларни республика даражасидаги вазирлик ва идораларга тақдим этиш бўйича қарор қабул қилинди.