Тайланд-Камбоджа уруши Паттайя ва Бангкокка яқинлашмоқда

23:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги жанговар ҳаракатлар сайёҳлар орасида машҳур бўлган ҳудудларга яқинлашди. Жанубий провинциялар Трат ва Чантҳабурида уруш ҳаракатлари кечмоқда. Улар Паттайядан 150 км, Бангкокдан 200 км масофада жойлашган.

Pattaya

Bloomberg агентлигининг хабар беришича, 26 июл куни Камбоджа ҳарбийлари Таиланд билан чегарани уч нуқтада бузиб ўтишга уринишган. Таиланд бу ҳужумни қайтарган, жавоб зарбаларида ҳарбий-денгиз кучлари ҳам иштирок этган. Камбоджа эса Таиландни ўз ҳудудига кириб боришда ва фуқаролик инфратузилмасига, жумладан мактаб ва уйларга зарба беришда айбламоқда. Таиланд ҳукумат вакили бу айбловларни рад этди.

Чегарадаги муаммолар май ойидан бери авж олган. 28 майдаги отишмада бир камбоджалик аскар ҳалок бўлди. 23 июль куни беш таиландлик аскар минага тушиб, тўқнашув яна кескинлашди. 24 июл куни Таиланд ҳукумати «Юттха Бодин» номли махсус ҳарбий операцияни эълон қилди. Ушбу операция авиация ва бронетехника қўлланилган ҳолда олиб борилмоқда.

25 июл куни Таиланднинг саккизта чегарабўйи ҳудудида ҳарбий ҳолат жорий этилди. Камбоджа эса Таиландни ҳудудий бузғунчиликда ва можарони кескинлаштиришда айбламоқда. Жанжал тарихи 1907 йилдаги Сиам ва Франция мустамлакаси чегарасини белгилашга бориб тақалади. 1953 йилда Камбоджа мустақилликка эришгач, чегаралар бўйича баҳс яна авж олди.

Ҳозирча Паттайя ва Бангкокда тинчлик сақланаётган бўлса-да, можара минтақанинг туризм салоҳиятига таҳдид солмоқда.