Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорга мувофиқ, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Саховат ва кўмак» жамғармалари маблағлари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш механизми такомиллаштирилди. Унга кўра, ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 бараваригача бўлган оилалардаги аёлларнинг уй-жой ҳолати махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилади ва зарур ҳужжатлар расмийлаштирилади.
Бюджет ҳисобидан аёллар уйини таъмирлаш учун зарур бўлган қурилиш материалларини етказиб берувчи ташкилотларга «Аёллар дафтари» жамғармаси орқали шартнома асосида БҲМнинг 50 бараваригача — 20,6 млн сўм миқдорида маблағ ажратилади. Бунда БҲМнинг 1 августдан бошлаб 412 минг сўм этиб белгилангани асос бўлиб хизмат қилади.
Уй таъмири амалга ошириладиган пайтда ишлар сифати туман ва шаҳар ҳокимликларининг қурилиш бўлимлари ҳамда сектор раҳбарлари томонидан назорат қилинади. Мақсад — маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш.
Шунингдек, камбағал оилалардаги хотин-қизларга уй ижара тўловларининг 50 фоизи тўлаб берилади. Бу миқдор БҲМнинг 2 бараваригача (824 минг сўм), Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида эса 3 бараваригача (1,23 млн сўм) етиши мумкин.