Буюк Британия Ғазога инсонпарварлик ёрдами юборади

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Буюк Британия ҳукумати Ғазода кечаётган оғир вазиятни енгиллатиш мақсадида секторга зудлик билан инсонпарварлик ёрдамини юборишини эълон қилди. Бош вазир Кир Стармер бу ташаббусни шахсан тасдиқлаб, болаларни Британияда даволаш бўйича ҳам чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

Bbc

BBC хабарига кўра, Британия парламенти аъзоларининг учдан бир қисми — 220 депутат Фаластин давлатини расман тан олишни сўраб, ҳукуматга мурожаат қилган. Бу орада бош вазир Кир Стармер Ғазога ёрдам юбориш бўйича чоралар кўрилаётганини, айниқса, оғир аҳволдаги болаларни Британияга олиб келиш ва даволаш ишлари фаоллаштирилганини билдирган.

Изроил ҳукумати 25 июл куни секторга ҳаводан ёрдам ташлашга рухсат беришини маълум қилганди. Бироқ БМТ ва инсонпарварлик ташкилотлари бу ёрдам етарли эмаслигини, айрим ҳолларда осмондан тушаётган ёрдам қутилари одамларга тан жароҳати етказаётганини таъкидламоқда.

Кир Стармернинг айтишича, Британия ёрдам ташишда Иордания билан ҳамкорлик қилмоқда. У бу гуманитар инқирозга барҳам бериш зарурлигини урғулаган. Шунингдек, бош вазир келаси ҳафтанинг бошида АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашиб, Изроил ва ҲАМАС ўртасидаги тинчлик музокараларини муҳокама қилишни режалаштираётганини айтган.

Маълумот ўрнида, Изроил мудофаа кучлари 27 июл куни эрталабдан бошлаб Ғазога ёрдам етказишни бошлаганини эълон қилди. Секторга ун, шакар ва консервалардан иборат 7 та ҳаво пакетлари ташланган. Шу куни соат 10:00 дан 20:00 гача (Ўзбекистон вақти билан 12:00–22:00) Ал-Мавосий, Дайр-ал-Бало ва Ғазо шаҳарларида ёрдам етказиш учун тинчлик ўрнатилгани, ўт очиш тўхтатилгани ҳам маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда ҳам Буюк Британия Иордания билан ҳамкорликда Ғазо шимолига юзлаб тонна дори-дормон, озиқ-овқат ва ёқилғи етказиб берган эди.