Австрия НАТОга қўшилиш эҳтимолини муҳокама қилишга очиқлигини маълум қилди

18:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Австрия ташқи ишлар вазири Беате Майнл-Райзингер мамлакатнинг нейтрал мақоми энди хавфсизлик кафолати сифатида етарли эмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг тажовузкор сиёсати ва халқаро хавфсизликдаги беқарорлик Вена учун янги геосиёсий ечимларни муҳокама қилишни талаб қилмоқда.

Austria

Майнл-Райзингер Welt нашрига берган интервюсида Австрия НАТОга аъзо бўлиш имкониятини муҳокама қилишга очиқ эканини билдирди. У мамлакат аҳолиси ва парламент аъзолари ҳозирча бу ғояни қўллаб-қувватламаслигини тан олди, бироқ бу масала муҳокамаси кечиктириб бўлмаслигини таъкидлади.

«Нейтралитет биргина ўзи бизни ҳимоя қила олмайди. Биз ҳозирда мудофаа салоҳиятига инвестицияларни оширмоқдамиз ва халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликни кучайтирмоқдамиз», — деди вазир.

Австрия ташқи ишлар вазири мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиши хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим қараш эканини, бироқ ҳозирча бу сиёсий қарор эмас, балки очиқ муҳокама масаласи эканини таъкидлади. У шунингдек, 1995 йилда Австрия Евроиттифоққа аъзо бўлганидан сўнг, мамлакатдаги нейтраллик тушунчаси жиддий равишда ўзгарганини эслатди.

Бу орада АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ Россия бўлими раҳбари Жорж Биб Украина инқирозини ҳал этиш учун Киевнинг НАТОга қўшилмаслигига кафолат бериш кераклигини билдирган эди. Австрия эса бу борада ўзининг анъанавий нейтрал мақомини қайта кўриб чиқишга тайёрлигини билдирган илк Ғарб мамлакатларидан бири бўлди.