Трамп баёнотига кўра, бу келишув АҚШ тарихидаги «энг йириги» ҳисобланади: Европа Иттифоқи АҚШдан 750 млрд долларлик энергия манбалари сотиб олади ҳамда Америка иқтисодиётига қўшимча 600 млрд доллар инвестиция киритади. Шунингдек, Брюссел АҚШ ҳарбий техникасининг «катта қисми»ни харид қилади.
Музокаралар натижасида Европа Иттифоқи 1 августдан жорий этилиши керак бўлган 30 фоизлик импорт божларидан омон қолди. Унинг ўрнида АҚШ Европадан келадиган маҳсулотлар, жумладан автомобилларга 15 фоизлик бож жорий этади. Шу билан бирга, Брюссел Америка экспорти учун бозорни очади ва нол фоизлик тариф қўллайди.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен янги келишувни «барқарорлик ва олдиндан прогноз қилишга олиб келувчи қадам» деб атади. АҚШ савдо вазири Ҳовард Латник эса, Европа Иттифоқидан келаётган яримўтказгичлар ва дори воситаларига нисбатан божлар бўйича қарор икки ҳафта ичида қабул қилиниши мумкинлигини маълум қилди.
Бу келишув АҚШ ва Европа ўртасидаги бир неча ойлик савдо музокаралари самарасидир. Трамп баҳорда дунёнинг 200 га яқин мамлакатига «оинадаги акс каби» божлар жорий этилишини эълон қилган, Евроиттифоқ учун эса 20 фоизлик тариф кўзда тутилган эди.
Шунингдек, АҚШ аввалроқ Европадан келаётган пўлат ва алюминийга 25 фоизлик бож жорий қилган, кейин эса улар икки баробарга оширилган эди.