Сўров натижаларидан кўриниб турибдики, иштирокчиларнинг 63 фоизи Демократик партия ҳақида номақбул фикрда. Фақатгина 33 фоиз сайловчи ушбу партияга ижобий муносабат билдирган ва бор-йўғи 8 фоизгина уни «жуда мақбул» деб баҳолаган.
Сўровни ҳар икки партияга яқин икки социолог — демократ Жон Анзалоне ва республикачи Тони Фабрицио ўтказган. Улар партиянинг халқ билан алоқаси сусайганини ва иқтисодий дастурлар бўйича аниқ позиция йўқлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Трамп ва Республикачилар партияга нисбатан ҳам умумий муносабат унчалик илиқ эмас — аммо демократлар билан таққослаганда, уларнинг салбий рейтинги анча паст: Трамп –7, Республикачи партия эса –11 пунктда. Демократлар эса ишончни қайта тикламас экан, уларнинг Трампни танқид қилишга ҳақли деб топилиши қийин бўлади, дейди таҳлилчилар.
Сўров шуни кўрсатдики, респондентларнинг катта қисми иқтисод, инфляция, ташқи сиёсат ва тарифлар бўйича республикачиларга кўпроқ ишонишини билдирган. Аммо шунга қарамай, агар сайловлар бугун бўлиб ўтса, иштирокчиларнинг 46 фоизи демократлар номзодига, 43 фоизи эса республикачига овоз беришини айтган.
Бу рақамлар 2017 йилдаги натижалардан паст — ўшанда демократлар 8 фоизлик устунликка эга эди. Сўров 16–20 июл кунлари 1500 нафар рўйхатдан ўтган сайловчи ўртасида телефон орқали ўтказилган. Хатолик эҳтимоли ±2,5 фоиз пунктни ташкил этади.