Фармонга асосан, қонунлар ва Президент фармонлари ижросини назорат қилишнинг самарали механизмлари жорий этилади. Шунингдек, ҳудудларда ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш, ижро жараёнида биринчи раҳбарларнинг масъулиятини ошириш ҳамда бу жараёнларга сунъий интеллект технологияларини киритиш назарда тутилган.
Мазкур фармонга биноан, Ҳисоб палатасига қатор янги вазифалар юклатилди. Жумладан:
— фармон ва қарорлар доирасида ажратилган маблағлар аҳоли ва тадбиркорлар учун қай даражада фойда берганини баҳолаш;
— ижрони таъминлашга қаратилган комплекс чоралар ишлаб чиқиш ва давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш вазифалари палата зиммасига юкланди.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси қисқартирилаётган штатлари ҳисобидан Ҳисоб палатасига қўшимча 10 та бошқарув штат бирлиги ажратилади.
Ушбу чоралар Президент томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, давлат бошқарувида жавобгарликни кучайтириш ва фуқаролар манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.