Давлат раҳбарига тақдим этилган янгича ташаббусга кўра, ходимлари сони 50 нафаргача бўлган корхона ва ташкилотлар учун ишга қабул қилиш жараёни онлайн тарзда, минимал бюрократия билан амалга оширилади. Яъни, ягона платформада фақатгина бир тугмани босиш орқали меҳнат шартномасини расмийлаштириш имкони яратилади.
Бу ташаббус меҳнат бозорида шаффофлик ва ишончни оширади, иқтисодий муносабатларнинг легаллашувига хизмат қилади. Шу билан бирга, расмий статистик маълумотларда кичик бизнес ва микрофирмаларнинг ҳақиқий улушини аниқлаш осонлашади.
Ҳозирдаги тизимда статистикада акс этмайдиган миллионлаб фуқароларнинг меҳнат фаолиятини аниқ ҳисобга олиш учун расмийлаштиришнинг осон ва электрон шакли муҳим аҳамиятга эга. Бу орқали давлат ташкилотлари бозордаги ўзгаришларни тезроқ сезиши ва самарали қарорлар қабул қилиши мумкин бўлади.
Янги тартиб амалга киритилгандан сўнг, меҳнат шартномалари расмийлашувининг электронлашган механизми орқали иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар очиқ, аниқ ва ишончли шаклда шакллантирилади.