Японияда кекса ўқитувчи дўконда қўшимча иш қилгани учун мактабдан бўшатилди

12:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Окаяма шаҳрида жамоат мактабининг 60 ёшли ўқитувчиси дам олиш кунларида кундузги дўконда қўшимча ишлагани учун ишдан бўшатилди. Маҳаллий таълим бошқармаси бу воқеа муносабати билан болалар ва ота-оналардан расман узр сўради.

Yapoiyalik o'qituvchi

Воқеа 4 июл жума куни Курасики шаҳрида жамоат ўрта мактаби ўқитувчисини дўконда сотувчи сифатида ишлаётганини кўрган фуқаро воқеадан мактаб жамоасини воқиф қилган. Эртаси куни мактаб директори шахсан ўзи бориб, ҳолатни тасдиқлаган. Ушбу ўқитувчи ўша пайтда таълим соатидан ташқари, дам олиш бўлган шанба куни ишлаётгани аниқланган, деб ёзади Soranews.

Одатда Японияда қўшимча иш олиб боришга қаратилган умумий таъқиқ амалда бўлиб, бундай меҳнат шартномалари ўқитувчиларнинг фақат асосий вазифасига эътибор қаратиши кераклигини белгилайди. Ушбу ҳолатда ҳам муаммо ўқитувчининг қилган ишида эмас, балки қўшимча даромад олишининг ўзида бўлган.

Маълум бўлишича, ўқитувчи 2023 йил ноябридан бери дўконда қисман ишлаган ва шу пайтгача тахминан 1,7 млн иена (тақрибан 12 минг АҚШ доллари) ишлаб топган. Унинг сўзларига кўра, бу ишга уни пенсияга чиққанидан сўнг, пастроқ маош билан қайта ишга қабул қилинганидан кейинги молиявий аҳволи мажбур қилган.

Шунга қарамай, ўқитувчи ўз ҳаракати учун расман кечирим сўраб, «жамоат таълим тизимига бўлган ишончга путур етказганини тан олди». Окаяма шаҳри таълим кенгаши раҳбари эса, «бу ҳолат болалар ва уларнинг ота-оналарида жиддий хавотир уйғотди», дея баёнот берди ҳамда таълим тизимига бўлган ишончни тиклаш чоралари кўрилишини маълум қилди.

Энди кекса ўқитувчи ҳам мактаб, ҳам дўкондаги ишини ташлаш ниятида. Бу эса келгусидаги молиявий аҳволини мураккаблаштириши мумкин.