Uzbekistan airways авиакомпаниясининг матбуот котиби Қизлархона Бегматованинг маълум қилишича, «Техник сабабларга кўра, фақат 28 июл куни, HY272 рейси (Истанбул – Тошкент йўналиши) ҳаво кемасининг жўнаш аэропортига қайтиши сабабли кечиктирилган ҳолда амалга оширилади.
Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва тушунишингизга умид қиламиз. Парвозлар хавфсизлиги — Uzbekistan airwaysʼнинг устувор вазифасидир», деб ёзган у.
Vaqt.uz таҳририяти мурожаатига кўра, самолётнинг учиш аэропортига қайтиш учун айнан нима сабаб бўлганини Қ.Бегматова очиқламади.
Авиапарвозларни кузатувчи flightradar24 сайтида қайд этилишича, HY272 рейси билан Истанбулдан Тошкентга учаётган самолёт (ишлаб чиқарилганига 13 йил бўлган Boeing 767-300, UK67003) маҳаллий вақт билан соат 12:30 да кўтарилган ва Тошкент вақти билан 19:00 да қўниши керак эди. Бироқ, flightradar24 маълумотларига кўра, 1 соату 17 минутлик парвоздан сўнг у Истанбул халқаро аэропорти (IST) га қайтиб қўнган.
Парвоз давомида самолёт Анқара яқинида ортга бурилган ва чарх урган ҳамда SQUAWK 7700 кодини ёққан. Бу код самолёт саҳнида фавқулодда ҳолат рўй берганида ёқилади. Юқорида айтганимиздек, авиакомпания матбуот хизмати айнан қандай фавқулодда ҳолат рўй бергани очиқлагани йўқ.
Истанбулга қайтиб, кечиктирилган HY272 рейси ҳамон қайта амалга оширилмаган (соат 20:50 ҳолатига).