Чекинаётган жазирама, Самарқандда бузилаётган ўша машҳур 12 қаватли уй ва ҳайдовчиларга чиққан «жек-пот» — 28 июл дайжести

28.07.2025 22:00 | 8 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз

28

Самарқанднинг машҳур «қўзиқоринсимон уйи» бузилмоқда

Самарқанд шаҳридаги «қўзиқорин уй» номи билан машҳур бўлган 12 қаватли меҳмонхона расман бузила бошлади. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, мазкур иншоот шаҳарсозлик ҳужжатларисиз, қонун талаблари бузилган ҳолда қурилган.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, мазкур объект фуқаро Ф.Халилов томонидан қурилган бўлиб, унинг қурилиши бир неча марта тегишли идоралар томонидан тўхтатишга чақирилган. Шу билан бирга, бинонинг сейсмик жиҳатдан талабларга жавоб бермаслиги, фойдаланиш учун хавфли экани аниқланган.

 

«Тошшаҳартранс»нинг 7,5 йилга қамалган собиқ раҳбари ярим йилда озод этилди

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятининг собиқ раҳбари Анвар Жўраев 2024 йил феврал ойида ҳибсга олинган ва жорий йил бошида суд томонидан 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Унинг устидан жуда кўп миқдорда ўзлаштириш, солиқдан бўйин товлаш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, сохтакорлик ва жиноий даромадларни легаллаштириш каби 7 та модда бўйича айбловлар қўйилганди.

Бироқ, 2025 йил 5 июн куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъати унинг жазосини енгиллатиш ҳақида қарор қабул қилди. Янги қарорга мувофиқ, Жўраевга 4,5 йиллик озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шу билан бирга, у келаси 3 йил мобайнида «Тошшаҳартрансхизмат» тизимида моддий жавобгарлик ва раҳбарлик вазифаларида фаолият юритиши тақиқланди.

 

Ўзбекистонда ҳафта давомида об-ҳаво июл учун хос иқлимий меъёрларга яқинлашади

«Ўзгидромет» маълумотига кўра, 27 июлдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига нисбатан нам ва ўтган ҳафтага нисбатан салқинроқ бўлган ҳаво массалари кириб кела бошлади. Бунинг натижасида кундузги ҳароратнинг +34…+37 даражагача пасайиши қайд этилди. Шу билан бирга, намлик даражаси ортиши ҳисобидан ҳароратнинг пасайиши унча сезилмаган ва айниқса кечаси дим ҳаво сезиларли бўлган.

Гидрометеорология хизмати таъкидлашича, жорий ҳафта давомида мамлакат бўйлаб ҳарорат ўзгармасдан қолади. Кўпчилик ҳудудларда ҳаво ҳарорати +32…+37 даража атрофида, чўл ва жанубий ҳудудларда эса +38…+40 даражагача етиши мумкин.

 

Ҳайдовчилар учун мажбурий суғурта 4 баробар ошади: бу заруратми ёки янги муаммо?

2026 йилдан Ўзбекистонда мажбурий автосуғурта нархлари сезиларли даражада — 3,5–5,8 баробаргача — оширилади. Тарифлар ўзгариши фуқароларнинг молиявий ҳимоясини кучайтириш, ЙТҲ натижасида келадиган зарарларни самарали қоплаш ва суғурта компанияларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Масалан, енгил автомобиллар учун ҳудудлардаги полис нархи 40 минг сўмдан 160 мингга, Тошкентда эса 56 мингдан 192 мингга чиқади. Шу билан бирга, суғурта қоплами миқдори 40 млн сўмдан 80 млн сўмгача оширилади. 2026 йил 1 апрелдан Ягона суғурта биллинг тизими ҳам жорий этилади.

Бироқ аҳоли орасида бу қарор турли муносабатларга сабаб бўлмоқда. Сўровномаларда қатнашганларнинг 40 фоизи «суғурта ишламайди» деб ҳисобласа, 33 фоизи нарх ошишига қарши. Экспертлар эса бу чорани кутилмаган харажатлардан ҳимоя воситаси деб баҳолашмоқда. Иқтисодчилар таъкидлашича, 2019 йилдан буён амалда бўлган тарифлар инфляция, харажатлар ва авариялар сонини ҳисобга олмаган. Эндиликда суғурта полиси нархи ҳайдовчининг ЙТҲдаги таърихига қараб белгиланади. Аммо мутахассисларча, суғурта тизими реал ҳаётда ишлаши учун фақат нарх эмас, балки хизмат сифати ҳам яхшиланиши шарт. Vaqt.uz шу мавзу бўйича асосий маълумотларни тўплаб чиқди.

 

Истанбулдан Тошкентга учаётган самолёт саҳнида Анқара осмонида фавқулодда ҳолат рўй берди

Истанбулдан Тошкентга учаётган Uzbekistan Airways’нинг Boeing 767-300 самолёти парвоз вақтида Анқара яқинида чарх уриб, фавқулодда ҳолат туфайли Истанбул аэропортига қайтиб қўнди. Flightradar24 маълумотига кўра, самолёт SQUAWK 7700 кодини ёққан — бу фавқулодда вазият белгиси ҳисобланади. Самолёт маҳаллий вақт билан 12:30 да ҳавога кўтарилган ва 1 соат 17 дақиқа парвоз қилган.

Авиакомпания матбуот хизмати бу ҳолатни «техник сабаблар» деб атади, аммо аниқ муаммо очиқланмади. HY272 рейсининг кечиктирилиши расман тасдиқланди, парвоз хавфсизлиги эса устувор вазифа экани қайд этилди. 28 июль соат 20:50 ҳолатига кўра, рейс ҳали ҳам амалга оширилмаган.