Каттақўрғон шаҳри ҳудуди кенгайтирилади

29.07.2025 15:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон ва Нуробод туманлари чегараларини ўзгартириш бўйича қарор қабул қилинди. Бу қарор асосида шаҳар ҳудуди кенгайиб, унинг салоҳиятини ошириш режалаштирилмоқда.

Kattaqo'rg'on shahri

Қарорга кўра, Каттақўрғон шаҳрига Каттақўрғон туманидан 1 945 гектар ва Нуробод туманидан 971 гектар ер майдони қўшилади. Шунингдек, Нуробод туманининг яна 600 гектар ер қисми Каттақўрғон тумани таркибига ўтказилади. Бу ўзгаришлар шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳолига қулай яшаш шароитини яратиш мақсадида амалга оширилаётгани таъкидланди.

Янги чегаралар орқали ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларини ошириш, жумладан, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш мақсад қилинган. Қарорга мувофиқ, 50 гектар майдонда «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг филиали ва 30 гектар ерда 3 та кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Шу билан бирга, шаҳарнинг янги мақоми — ўрта шаҳарлар тоифасидан катта шаҳарлар тоифасига ўтказилиши ҳам кўзда тутилган. Бу эса келгусида Кattaқўрғоннинг инвестицион жозибадорлигини оширади.