Фермерларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаган Шўрчи ҳокими ўринбосари ҳайфсан олди

29.07.2025 16:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Шўрчида ҳоким ўринбосари фермерларни «оғзаки террор қилмоқда» сарлавҳали хабарлар тарқалди. Хабарга илова қилинган аудиода Шўрчи туман ҳокими ўринбосари экани айтилган шахснинг фермерларни ўта қўпол ва ножўя сўзлар билан ҳақоратлаганини эшитиш мумкин.

Sho'rchi tumani hokim o'rinbosari

Кеча, 28 июл куни Ижтимоий тармоқларда «Шўрчида ҳоким ўринбосари фермерларни оғзаки террор қилмоқда» сарлавҳали хабар тарқалди.  Хабарга илова қилинган аудиода Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – Туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Алишер Алимардонов экани айтилган шахснинг фермерларни ўта қўпол ва ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, шаънини камситганини эшитиш мумкин.

Vaqt.uz мухбири фермерлар оммавий ҳақоратланиб, камситилган видео юзасидан изоҳ олиш, овоз Алишер Алимардоновга тегишлилиги тасдиқланган бўлса, унга қандай чора кўрилгани юзасидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Мурод Давлатовдан изоҳ  сўради. Давлатовнинг билдиришича, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ва қўпол ҳақоратлардан иборат овоз чиндан ҳам Шўрчи туман ҳокими ўринбосари Алишер Алимардоновга тегишли.

«Ҳа, овоз Алишер Алимардоновники. Воқеа шундай бўлган: Алимардонов шу тумандаги «Шакар кўл баракаси» фермер хўжалиги раҳбари билан тортишиб қолади. Шу тортишувдан кейин 2025 йил 20 июл куни фермер  спиртли ичимлик ичиб олиб, шўрчилик фермерлар ва туман раҳбарияти бор гуруҳга Алимардоновни қаттиқ ҳақорат қилган ҳолда овозли хабар юборади. Фермернинг овозли хабарида ҳам Алимардоновнинг шаъни, қадр-қиммати қаттиқ ерга урилган бўлган. Туҳмат ҳам бор. Ижтимоий тармоқларда тарқалган овоз эса Алимардоновнинг шу фермерга жавоби. Алимардонов бу ҳақоратларга 21 июл куни жавоб юборган», – деди Давлатов.

Таҳририят мухбирининг овозли хабар ҳоким ўринбосариники бўлса, унга қандай жазо тайинлангани ҳақидаги саволига эса матбуот котиби Алимародоновга ҳайфсан интизомий жазоси тайинланганини айтиб, жавоб берди.

«Кеча, 28 июл куни Алишер Алимардоновга ҳайфсан интизомий жазоси тайинланди. Иш билан шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳам шуғулланмоқда. Ушбу органлар хулосаси берилган тақдирда биз ҳам уни ОАВга маълум қиламиз», – деди Муроджон Давлатов.

Маълумот учун, Ўзбекистон республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41 моддасида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.