2025 йилнинг ўтган қисмида Рақобат қўмитасига суюлтирилган газ таъминоти бўйича 19 487 та мурожаат келиб тушган (https://t.me/RaqobatGovUz/10782). Бу ҳолат соҳада тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Шу асосда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий филиалларида текширувлар ўтказилди.
Ўрганишлар давомида Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона ва Бухоро вилоятларида тарқатилган маиший газ баллонларида 1,5 минг тонна конденсат аниқланган. Бу эса фуқаролардан жами 2,2 млрд сўм ортиқча ҳақ ундирилишига сабаб бўлган.
Навоий вилоятида 92,9 тонна конденсат учун аҳолидан 125,4 млн сўм,
Сурхондарёда эса 490,2 тонна қолдиқ суюқлик учун 766 млн сўм ундирилган.
Хусусан, Сурхондарёдаги 79 нафар истеъмолчидан 125,7 млн сўм ортиқча ҳисобланган, қолгани эса баллонлардаги оғир қолдиқлар ҳисобига тўпланган.
Рақобат қўмитасига кўра, ушбу ҳолатларда қонун бузилиши аниқланган ва истеъмолчиларга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Мазкур муаммолар бўйича ўрганишлар бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев июн ойида суюлтирилган газ таъминотидаги узилишлар учун мутасаддиларни танқид қилиб, икки ҳафтада ечим топиш талабини қўйган эди. Хусусан, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида аҳоли мурожаатларининг 70 фоизи газ муаммолари билан боғлиқ бўлган.