Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромади қанча? — Статистика қўмитаси

29.07.2025 18:00 | 10 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 515,9 трлн сўмни ташкил этди. Бунинг деярли учдан бир қисми трансфертлар – айниқса, чет элдан келган пул ўтказмалари ҳисобига тўлдирилмоқда.

Daromad uz

Миллий статистика қўмитаси 2025 йил январ–июнь ойларида аҳоли даромадлари бўйича шарҳни эълон қилди. Расмий маълумотларга кўра, ярим йилликда аҳолининг умумий даромадлари 515,9 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан номинал ҳисобда 20 фоизга, инфляцияни ҳисобга олган ҳолда эса 9,5 фоизга ўсган.

Шу билан бирга, реал ўсиш суръати 2024 йилнинг шу давридаги 11,9 фоизлик даражадан паст экани қайд этилди. Бу аҳоли даромадлари ўсишининг барқарорлигини сақлаган ҳолда, маълум даражада секинлашганини англатади.

1

Инфографика: Статистика қўмитаси

Даромад ўсиш суръатининг секинлашишига бир нечта омиллар таъсир қилган: валюта курсининг барқарорлашуви, аҳоли томонидан уйда кўрсатилган хизматлар қийматининг секин ўсиши (масалан, шартли ижара баҳолари), шунингдек, умумий иқтисодий фаолиятдан олинадиган фойда — яъни операцион фойданинг ҳам сустроқ ўсиши бунга сабаб бўлган.

Шунингдек, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 13,7 млн сўмни ташкил этди. Бу даромадларнинг номинал (ҳисоб-китобдаги) ўсиши 17,7 фоиз, реал (инфляциядан тозаланган) ўсиши эса 7,4 фоиз бўлган.

Ҳудудлар кесимида фарқлар қандай?

Даромадларда ҳудудлар ўртасидаги фарқ юқорилигича қолмоқда. Тошкентда жон бошига даромадлар 35 079,6 минг сўмни, Қорақалпоғистонда 9 198,0 минг сўмни ташкил этмоқда. Бунда Қорақалпоғистоннинг ўтган йил тегишли даври маълумотлари кескин қайта оширилганига қарамай, шимолий ҳудудимиз энг кам даромадлигича қолмоқда, деб иқтисодчи Отабек Бакиров ёзмоқда.

2

Инфографика: Статистика қўмитаси

Шунингдек, Навоий (20 минг сўм), Бухоро (15 минг 800 сўм) ва Тошкент вилояти (13 минг 700 сўм) энг юқори кўрсаткичларни қайд қилди. Республика бўйича ўртачадан паст кўрсаткичлар Қорақалпоғистонда (9 минг 198 сўм), Наманган (9 минг 457 сўм) ва Жиззах (10 минг 220 сўм) вилоятларида кузатилган.

2025-йилнинг биринчи ярмида аҳоли жон бошига даромадларнинг энг катта реал ўсиши Фарғона вилоятида (15,5 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (12,8 фоиз) кузатилди. Бошқа ҳудудларда эса бу ўсиш суръати анча паст бўлган. Масалан:

  • Хоразмда — 7,3 фоиз;
  • Бухорода — 6,1 фоиз;
  • Жиззах ва Навоийда — 5,9 фоиз;
  • Қашқадарёда — 5,5 фоиз;
  • Самарқандда — 4,9 фоиз;
  • Сурхондарё ва Сирдарёда — 4,5 фоиз;
  • Тошкент вилоятида — 3,9 фоиз;
  • Наманганда — 3,8 фоиз;
  • Андижонда — 2,5 фоиз;
  • Қорақалпоғистонда — атиги 2 фоиз.

Бу дегани, кўплаб вилоятларда даромадлар ўсиши республика бўйича ўртача даражадан паст бўлган. Ҳудудлар ўртасидаги бу фарқлар ижтимоий-иқтисодий мувозанатга бевосита таъсир қилмоқда. Чунки бир хил фоизли даромад ўсиши турли ҳудудларда мутлақо бошқа миқдорни англатади. Яъни, кимдадир 10 фоизлик ўсиш катта пул бўлса, бошқасида у деярли сезилмайди. Шунинг учун ҳам ҳозирча мамлакатнинг иқтисодий харитаси — на даромад миқдори, на ўсиш суръатлари бўйича тенг эмас.

Аҳолининг даромади қаердан?

Ўзбекистонликларнинг умумий даромадларининг 60 фоиздан ортиғи меҳнат фаолияти — иш ҳақи ва ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига шаклланди. Бундан ташқари:

  • 29,4 фоизи — пенсия, нафақа ёки четдан юборилган пуллар каби трансфертлар ҳисобидан,
  • 6,6 фоизи — аҳоли ўз уйида ишлаб чиқарган хизматлар (масалан, ўз уйида яшаш қиймати) орқали,
  • 3,4 фоизи — мол-мулкдан, яъни ижара, фоиз ёки бошқа мулкий даромадлар орқали шаклланган.

3

Инфографика: Статистика қўмитаси

Ҳудудлар кесимида энг кўп меҳнат даромади Навоий вилоятида қайд этилган — бу ерда аҳолининг 77,9 фоиз даромади айнан меҳнат фаолиятига тўғри келади. Аксинча, Фарғона, Самарқанд, Андижон, Наманган, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич ўртача республика даражасидан паст.

Республика бўйича аҳолининг ўз уйида кўрсатган хизматлари ёки мол-мулкдан олган даромадлари катта улушга эга эмас. Бироқ Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич анча юқори бўлиб, 19,5 фоизни ташкил этган. Бу пойтахт аҳолиси орасида пассив даромад манбаларига эга бўлганлар кўпроқ эканини англатади.

Трансферлардан олинадиган даромад

Аҳолининг умумий даромадининг қарийб учдан бир қисми, яъни 29,4 фоизи турли трансфертлардан шаклланган. Ижтимоий трансфертларнинг жами даромадлардаги улуши қисқаришда давом этиб, 8,8 фоизга тушган.

Бошқача айтганда, жами даромадларнинг ўсиши давлатнинг бевосита ёрдами ва аралашуви йўқ сегментлар фаоллашаётгани ҳисобига таъминланмоқда, — деб иқтисодчи Отабек Бакиров ўз блогида ёзган.

Уларнинг катта қисми — 20,5 фоизи чет элдан юборилган пул ўтказмалари, 8,9 фоизи эса ижтимоий тўловлар (пенсия, нафақа, стипендия) ҳисобига тўғри келади.

Ижтимоий трансфертлар ичида энг катта улушни пенсиялар эгаллаган — 84,8%. Нафақалар 13,9%, стипендиялар эса 1,3% ни ташкил қилган.

Бундан ташқари, кичик бизнес фаолиятидан келган даромад жами даромаднинг 57 фоизини ташкил этади. Аввалроқ, кичик тадбиркорлик субектлари ЯИМнинг 49,6 фоизини ташкил қилгани ва 1 млн 200 мингдан ошгани ҳақида маълумот берган эдик.

Шу ўринда, Марказий банк сўровномаси асосида Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми иш ҳақини (87 фоизи) банк картасида олиши ҳақда ёзган эдик.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади