Иш ҳақи ва пенсиялар инфляциядан юқори миқдорда оширилади

29.07.2025 21:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2026–2028 йилларда Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия ва нафака миқдорлари ҳар йили инфляция даражасидан юқори оширилиши режалаштирилмоқда. Бу фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилгани айтилмоқда.

K 77

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган 2026–2028 йиллар учун фискал стратегияга кўра, давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар ҳамда ижтимоий нафака миқдорлари инфляция даражасидан юқори суръатда ошириб борилади.

Мазкур чоралар аҳолининг реал даромадларини ошириш, харид қобилиятини сақлаш ва ижтимоий ҳимоя механизмларини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилмоқда. 2025 йил 1 июлдан эътиборан ижтимоий тўловлар ўртача 10 фоизга оширилди. Шу билан бирга, йил якунига қадар инфляция даражаси 8 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Фискал стратегияда назарда тутилган яна бир муҳим йўналиш — Пенсия жамғармасининг барқарор молиявий таъминотини кучайтиришдир. Шу мақсадда, ижтимоий солиқ бўйича берилган айрим имтиёзлар қайта кўриб чиқилади.

2025 йилда давлат бюджетидан Пенсия жамғармасига 20 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилган бўлса, 2028 йилда бу кўрсаткич 26 трлн сўмга етиши режалаштирилган.

Маълум бўлишича, бюджет ходимлари маошининг ҳар бир 1 фоизлик ошиши давлат бюджетига 1,67 трлн сўмга тушади. Пенсияларни шунча миқдорга ошириш эса 861 млрд сўмни ташкил қилади. Агар ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 10% га кўпайса, бюджет харажатлари қарийб 1,6 трлн сўмга ортиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистонда иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар инфляциядан юқори миқдорда индексация қилиб келинмоқда.