Андижонда терроризмни тарғиб қилган шахсга 8,5 йил қамоқ жазоси тайинланди

30.07.2025 10:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Андижон вилоятида яшовчи 1997 йилда туғилган фуқаро радикал ғоялар таъсирига тушиб, халқаро террорчи ташкилотлар фаолиятини тарғиб қилгани ва молиявий қўллаб-қувватлагани учун озодликдан маҳрум қилинди.

Terorizm

ДХХнинг хабар беришича, 2023 йилдан буён у «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ташкилотининг ғояларини ёйиш билан шуғулланган, диний ақидапарастлик ва «жиҳод» ғояларини тарғиб қилувчи материалларни ижтимоий тармоқларда тарқатган. Шу орқали у террорчи ташкилотлар аъзолари билан доимий алоқа ўрнатган ва қуролли тўқнашувларда иштирок этиш ниятида бўлган.

Террорчи ташкилотларга молиявий ёрдам сифатида у 2023–2024 йилларда криптовалюта орқали 2912 АҚШ доллари ва банк карталари орқали 4 млн 190 минг сўм маблағ юборган. Шунингдек, у Суриядаги террор фаолиятига қўшилиш учун Қирғизистон орқали Туркияга икки марта борган, аммо у ердан Сурияга ўта олмаган.

Сўнгра, «Ислом жиҳоди иттиҳоди» гуруҳига қўшилиш мақсадида Эрон орқали Афғонистонга ўтишга уринади. Бироқ, бу режаси амалга ошмай, 2024 йил ноябрь ойида ушланади.

Жиноят ишлари бўйича Андижон тумани суди уни Ўзбекистон Жиноят кодексидаги бир неча моддалар бўйича айбдор деб топиб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.