Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил январ–июн ойларида Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қайтариш ҳажми 17,7 фоизга камайиб, 8,79 трлн сўмни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг шу давридаги 10,69 трлн сўмлик кўрсаткичдан кам.
ҚҚС қайтариш бўйича жами 5488 та ариза қабул қилинган бўлиб, улар 3272 та компания томонидан юборилган. Аризалар сони 18,2 фоизга, ариза берувчи субъектлар сони эса 16,9 фоизга кўпайганига қарамай, ўртача қайтарилган сумма 1,6 млрд сўмни ташкил этди — бу ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 30,4 фоиз кам.
Экспорт билан шуғулланувчи компаниялар умумий қайтарилган ҚҚСнинг 3,13 трлн сўмини ташкил қилди — 32,8 фоиз ўсиш қайд этилган. Бу тоифадаги аризалар сони 3089 тага етди, экспортчилар сони эса 1,4 мингдан ошди.
Энг катта қайтариш саноат соҳасига тўғри келди — 5,99 трлн сўм (+15,4%). Ҳизматлар соҳасида эса ҚҚС қайтарилиши 956,2 млрд сўмгача тушган (–29,2%), транспорт соҳасида эса 641,4 млрд сўмлик қайтариш амалга оширилган, бу 3,3 баравар ўсишни англатади.
Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевнинг таъкидлашича, ҚҚСни қайтаришда хатога йўл қўйилса, жавобгарлик юзага келади — шу боис, бу жараён сезгир ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, 32 нафар солиқчи ҚҚС қайтаришда йўл қўйган қоидабузарликлар учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Кудбиев тадбиркорларга ҚҚСни автоматик тартибда қайтариш имконини берувчи «ААА» рейтингига эришишни тавсия этди. 2024 йил давомида Солиқ қўмитаси жами 22,8 трлн сўмлик ҚҚСни қайтарган — 2023 йилга нисбатан 15,9 фоизга кўп.