Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «UzAutoMotors» АЖ томонидан амалга оширилаётган шартнома сиёсатидаги камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этишга эришди. Компаниянинг дилерлик шартномаларида жами 45 та кичик банд мавжуд бўлиб, шулардан 21 таси қайта кўриб чиқилди.
Янгиланган шартномаларда бир нечта муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, мижозлар шартномадан воз кечса, аввалги 30 кунлик пул қайтариш муддати 10 кунгача қисқартирилди. Бу, айниқса, қайтариш жараёнида юзага келаётган сунъий кечиктиришларнинг олдини олади.
Автомобилни етказиб бериш муддатига оид 45 кунлик узайтириш тартиби энди сотувчининг мажбуриятларидан олиб ташланиб, форс-мажор ҳолати сифатида баҳоланади. Бундан ташқари, бир русумдаги автомобил учун такроран шартнома тузиш ҳолатида 120 кунлик кечиктириш ҳақидаги банд бутунлай бекор қилинди.
Шунингдек, энди шартномада сотувчи томонидан қонунчиликда белгиланган барча мажбуриятлар аниқ ва очиқ белгиланган. Бу ўзгаришлар истеъмолчиларнинг манфаатини қонуний асосда ҳимоя қилишга хизмат қилади.